Logo

БМТнинг нуфузли форумида Ўзбекистон тажрибаси намойиш қилинди

Декабрь 02, 2025. 16:01 • 2 дақ

102
БМТнинг нуфузли форумида Ўзбекистон тажрибаси намойиш қилинди

ЖЕНЕВА, 2 декабрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси Женевада ўтказилган бизнес ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича 14 йиллик халқаро форумда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан ташкил этилди.

Форумда халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ва экспертлар ҳамжамияти, ишбилармон доиралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат 1200 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Сиёсий инқироз шароитида Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёда бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларни сақлаб қолиш” мавзусига бағишланган махсус ялпи сессияда иштирок этди.

Сессияда геосиёсий беқарорлик ва корпоратив масъулият механизмларининг ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги долзарб муаммолар муҳокама қилинди.

Акмал Саидов ўз нутқида иштирокчиларга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш стандартларини ишбилармонлик муҳитига жорий этиш бўйича Ўзбекистоннинг миллий тажрибаси, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Бизнесда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ҳамда кадрлар тайёрлаш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалалари бўйича эришилган ютуқларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сессия иштирокчиларининг чиқишларида, замонавий таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқларни сақлаб қолиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш