Caspian Policy Center: Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар Марказий Осиё ва Каспий денгизи минтақаларига ижобий таъсир кўрсатмоқда
Апрель 06, 2024. 12:12 • 3 дақ
• 1448
ВАШИНГТОН, 6 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов Каспий сиёсат маркази (CРC)да бўлиб ўтган тадбирда мамлакатимизнинг замонавий тараққиётига бағишлаган тақдимот ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

2016 йилда ташкил этилган Каспий сиёсат маркази (Caspian Policy Center, CPC) мустақил, нотижорат таҳлил ташкилоти ҳисобланади. Марказ штаб-квартираси Вашингтонда жойлашган. Ташкилот экспертлари томонидан олиб бориладиган тадқиқотлар Каспий минтақасига қаратилган.
Гибрид форматда ўтказилган тадбирда АҚШнинг расмий, таҳлилий, ишбилармон ва академик доиралари вакиллари, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия ва Тожикистон дипломатлари иштирок этди.
Тадбирни CPC Маслаҳат кенгаши раиси, АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг собиқ биринчи ўринбосари Ричард Хогланд очиб берар экан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда турли соҳаларда жадал ва кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётгани, бу эса Марказий Осиё ва умуман Каспий денгизи минтақаларига ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. У Қўшма Штатлар минтақадаги вазиятни, айниқса, беқарор геосиёсий вазият шароитида диққат билан кузатаётганини, Ўзбекистонни минтақавий хавфсизлик, барқарорликни таъминлаш, Марказий Осиёда иқтисодий ва сармоявий муҳитни ривожлантириш бўйича асосий ҳамкор сифатида кўришини алоҳида таъкидлади.
Йиғилганларга демократик ва иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда минтақавий сиёсати ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, мамлакатни сиёсий ва иқтисодий модернизация қилишни чуқурлаштириш жараёнлари, минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ёндашувлар алоҳида урғуланди. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш динамикаси, сиёсий, иқтисодий, терроризмга қарши кураш, киберхавфсизлик ва ноқонуний миграция соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари қайд этилди.
Савдо ва инвестициялар, ахборот технологиялари, инновацион ривожланиш, академиялараро ва илмий-техникавий шериклик соҳасидаги амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари алоҳида белгилаб берилган.
Тадбир давомида, шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари, республиканинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватлаш, минтақа орқали транспорт йўналишларини ривожлантириш истиқболлари, ҳамкорликни ривожлантириш стратегиялари, "яшил иқтисодиёт", банк-молия соҳасидаги ислоҳотлар, Орол денгизи фожиасининг экологик оқибатлари муҳокама қилинди.
Анжуман якунида Каспий сиёсати маркази бош ижрочи директори Эфган Нифти қайд этилган маълумотларни юқори баҳолади. Унинг айтишича, мазкур тадбир минтақадаги ишларнинг бугунги аҳволи, шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича мулоқот ва фикр алмашиш учун муҳим майдонга айланди.
Эфган Нифти Вашингтон Ўзбекистондаги туб ўзгаришларнинг муҳим муваффақиятларини тан олишини ва ҳукуматнинг иш ўринларини яратиш, иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва демократик институтларни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ўзаро боғлиқликни рағбатлантириш бўйича устувор йўналишларига тўлиқ қўшилишини таъкидлади. Қўшма Штатлар "C5+1" формати доирасидаги шерикликни кенгайтириш, жумладан, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори.
CPC Маслаҳат кенгаши аъзоси Марша МакГроу ўз чиқишида, Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳасида салмоқли муваффақиятларга эришганини, бу эса ушбу соҳанинг АҚШга экспорти ўсишида яққол намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлади. У мамлакатимизда IТ-парклар ташкил этиш ва IТ- экотизимини шакллантиришни қўллаб-қувватлашини билдирди.
"Ўзбекистон инсон капиталини ривожлантириш орқали иқтисодий ўсиш йўлида қазиб олувчи саноатга анъанавий қарамликдан воз кечиш қатъийлигини намойиш этмоқда, – деди у.
АҚШ Конгресси тадқиқот хизматининг Марказий Осиё бўйича етакчи эксперти Мария Блэквуд маърузасида Ўзбекистонда демократлаштириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш ва иқтисодиётни либераллаштириш жараёнларини юқори баҳолади. Эксперт расмий Тошкентнинг Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ролини, жумладан, минтақавий алоқаларни ривожлантириш ва Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
Мухтасар айтганда, тадбир иштирокчилари Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро ва минтақавий сиёсати, республиканинг иқтисодиёт тармоқлари ва корхоналарини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватладилар, эришилган ютуқлар ва IТ-саноатни ривожлантириш бўйича режаларни эса юқори баҳоладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
"The National Interest": Марказий Осиёнинг Шимолий Европа учун аҳамияти ортмоқда
Ўзбекистон энергетика трансформацияси: бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиш
Туркия қандай қилиб юқори технологияли иқтисодиётга эга давлатга айланди?
Бугун Ҳиндистонда дунёда энг кўп сайловчи иштирок этадиган парламент сайлови бошланди