Logo

Берлинда Ўзбекистон-Германия стратегик шериклигини чуқурлаштиришнинг янги механизмлари кўриб чиқилди

Март 10, 2026. 14:41 • 6 дақ

91
Берлинда Ўзбекистон-Германия стратегик шериклигини чуқурлаштиришнинг янги механизмлари кўриб чиқилди
Берлинда Ўзбекистон-Германия стратегик шериклигини чуқурлаштиришнинг янги механизмлари кўриб чиқилди
Берлинда Ўзбекистон-Германия стратегик шериклигини чуқурлаштиришнинг янги механизмлари кўриб чиқилди

БЕРЛИН, 10 март. /“Дунё” АА/. 4-7 март кунлари мамлакатимизнинг Берлиндаги дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистон экспертлари делегациясининг Германияга амалий ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация таркибидан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбарлари ва мутахассислари ўрин олди.

Берлин сафари давомида Германиянинг Бундестаг, Федерал канцлер идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва энергетика вазирлиги каби қатор давлат идоралари ҳамда Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Бундан ташқари, ГФРнинг етакчи таҳлил марказлари, жумладан, Глобал ижтимоий сиёсат институти, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази, Германия халқаро муносабатлар кенгаши, шунингдек, етакчи фондлар - Фан ва сиёсат фонди, Карнеги халқаро тинчлик фонди, "Бергхоф" фонди, Конрад Аденауэр фонди ҳамда Маршалл фонди билан эксперт учрашувлари ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Ташриф глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашиш, Германия ва Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги муносабатлар ривожини таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон–Германия икки томонлама ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олиш мақсадида уюштирилди.

Томонлар ҳозирги босқичда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги сиёсий мулоқот ишонч ҳамда ўзаро манфаатларни инобатга олиш тамойилларига асосланиб, юксак фаоллик намоён этаётганини таъкидладилар. Олий ва юқори даражадаги ташрифларнинг мунтазамлиги муносабатларнинг серқирра эканидан далолат беради.

Шу нуқтаи назардан, Бундестагда икки томонлама ва минтақавий кун тартибини илгари суришнинг асосий воситаси сифатида парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари қонун чиқарувчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш илгари қабул қилинган қарорларни самарали қўллаб-қувватлашни таъминлаши ҳамда қонун ижодкорлиги ва давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш платформасига айланишини тасдиқладилар.

Икки томонлама иқтисодий шерикликни янада юқори босқичга олиб чиқиш масаласи музокаралар диққат марказида бўлди. Германия томони Ўзбекистоннинг саноатни модернизация қилиш, рақамли ва "яшил" трансформация борасидаги изчил сиёсатини юқори баҳолади.

Хусусан, ГФР Иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги вакиллари танланган тараққиёт стратегияси Германиянинг ишбилармон доиралари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини таъкидладилар. Шаффоф ва қулай шарт-шароитлар яратилиши республика иқтисодиётига Германия сармояларининг кенг кўламда кириб келишига хизмат қилиши қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор ижобий динамикаси бунинг яққол тасдиғидир. Сўнгги ўн йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробарга ошиб, 2025 йил якунига кўра рекорд кўрсаткич - 1,42 миллиард долларга етгани таъкидланди.

Шу билан бирга, Германия экспорти таркиби яққол инвестициявий хусусиятга эга экани диққатга сазовордир. Мамлакатдан етказиб берилаётган маҳсулотларнинг 55 фоиздан ортиғи юқори технологияли ускуналар ва транспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади.

Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори М.Хармс таъкидлаганидек, Германия ишбилармонлари назарида Ўзбекистон қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ишончли платформани таъминлайдиган минтақавий саноат локомотивига айланмоқда. Шу маънода, томонлар "анъанавий товар айирбошлаш"дан чуқур саноат кооперациясига ўтишнинг сўзсиз устуворлигини қайд этдилар.

Германиянинг илғор технологиялари трансфери, Ўзбекистон иқтисодиётига Европа стандартларини жорий этиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай кооперация ташқи иқтисодий ҳамкорларни диверсификация қилиш ва таъминот занжирлари барқарорлигини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳар икки томон учун стратегик жиҳатдан фойдали экани таъкидланди.

Читайте также

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида ГФРдан юқори технологиялар ва “кнов-ҳов”ларни жалб этиш, қайта тикланувчи манбалар асосида энергия генерациясини биргаликда ривожлантириш ҳамда ишончли ва хавфсиз логистика йўналишларини, энг аввало, Ўрта коридорнинг транспорт-транзит салоҳиятини изчил мустаҳкамлаш орқали барпо этиш белгилаб олинди.

Томонлар, шунингдек, Миграция соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш механизмларини батафсил кўриб чиқдилар. Ҳамкорлик ўзаро манфаатдорлик асосига қурилгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг малакали меҳнат ресурслари 1,7 миллиондан ортиқ иш ўринларини ташкил этувчи ГФРнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун асосий омил ҳисобланади.

Миграция соҳасидаги фаол Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги туфайли Ўзбекистон фуқаролари Германия меҳнат бозорига хавфсиз ва қонуний йўл билан кириб бормоқда, у ерда уларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинган. Учрашувлар доирасида қайд этилишича, ГФРда меҳнат фаолиятини олиб бориш орқали ўзбекистонлик мутахассислар ноёб кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу кўникмалар узоқ истиқболда мамлакатнинг ички технологик юксалиши ва саноат тараққиёти учун инсон капиталига киритилган стратегик сармоя сифатида баҳоланмоқда.

Германия томони Тошкентнинг минтақавий сиёсатига тўхталар экан, Марказий Осиё мамлакатларининг фаол ҳамкорлиги дунёда ноаниқлик кучайиб бораётган бир шароитда “узоқни кўзлаб қилинган қарор” эканлигини таъкидлади. Берлиннинг фикрича, бу ҳар бир давлатнинг ички барқарорлигини таъминлашга ҳам, минтақанинг халқаро майдондаги субъектлилиги ва нуфузини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари доирасидаги раислиги якунларига юксак баҳо берилди. Германия томонининг фикрича, Тошкентнинг етакчилиги туфайли ушбу формат барқарор суръат касб этиб, минтақавий ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантириш, кўп қиррали ҳамкорликни мисли кўрилмаган даражада кенгайтириш, Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлаш учун асос бўлди.

Германия ташқи сиёсат жамияти таҳлилчилари Марказий Осиё давлатларининг демократик тараққиёт йўли, кўп томонламалик тамойиллари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлиги Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратаётганини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, "Марказий Осиё + Германия" форматини ривожлантиришнинг стратегик аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди, бу эса Берлинга 80 миллиондан ортиқ аҳолиси ва умумий ялпи ички маҳсулоти 560 миллиард доллардан ортиқ бўлган тез ўсиб бораётган бозорни ифодаловчи "ягона ва башорат қилиниши мумкин бўлган минтақа" билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан, ГФР Федерал канцлери идорасида асосий эътибор Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ушбу форматга узоқ муддатли барқарорлик бағишлашга қаратилди. Берлин олий даражадаги даврий мулоқотлардан тизимли шерикликка ўтишни мақсад қилгани таъкидланди. Шу муносабат билан узлуксиз сиёсий, иқтисодий ва экспертлар мулоқотини таъминлайдиган доимий механизмларни яратиш зарурлиги таъкидланди.

Умуман олганда, ташриф якунлари Ўзбекистон Республикаси Германия тимсолида ишончли стратегик ҳамкорга эга эканини кўрсатди. Кўриниб турибдики, иккала томонда ҳам ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва устуворликлари, бир-бирининг эҳтиёжларини тушуниш мавжуд.

Учрашув иштирокчилари икки томонлама муносабатларнинг ўсиши учун улкан захира технологиялар трансфери ва логистика йўналишларини оптималлаштириш соҳаларида мужассам эканлиги борасида якдил фикрга келдилар. Ушбу тармоқлардаги синергия глобал беқарорлик шароитида Ўзбекистон ва Германиянинг технологик барқарорлиги ҳамда рақобатбардошлигини таъминлай оладиган ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантириш учун ўта муҳим аҳамиятга эга.

Умуман олганда, Тошкент ва Берлин ҳамкорлиги Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги барқарор ривожланиш ва минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида қаралади.

Мазмунли эксперт-таҳлилий ҳамроҳликни таъминлаш мақсадида икки мамлакатнинг етакчи “ақл марказлари” ўртасида мунтазам мулоқотни давом эттириш ҳамда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қўшма амалий тадқиқотларни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш