Logo

Швециядан чартер рейс орқали Ўзбекистон фуқаролари ватанга олиб келинди

Февраль 11, 2026. 16:37 • 2 дақ

200
Швециядан чартер рейс орқали Ўзбекистон фуқаролари ватанга олиб келинди

ТОШКЕНТ, 11 февраль. /“Дунё” АА/. 11 февралга ўтар кечаси бортида юртдошларимиз бўлган чартер рейс Тошкент халқаро аэропортига етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа мамлакатлари билан кенг кўламли йўналишларда, жумладан, миграция сиёсати ва фуқароларга консуллик хизмати кўрсатиш масалалари бўйича ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.

Чет эл давлатлари билан дипломатик алоқаларнинг кенгайгани самараси ўлароқ тегишли идоралар билан ҳамкорликда Швециядан ҳамюртлар чартер рейс орқали ватанимизга қайтарилди. 11 февралга ўтар кечаси бортида 21 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган чартер рейс Тошкент халқаро аэропортига етиб келди.

Аниқланишича, ватандошларимиз аввал Швецияга белгиланган тартиб-қоидани бузган ҳолда кириб, кейин мамлакат ҳудудида миграция қонунчилиги талабларига риоя этмасдан юрган.

Тошкентга етиб келган йўловчиларни Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари кутиб олди. Фуқаролар ватанга қайтишда кўрсатган ёрдами ва қўллаб-қувватлаши учун мамлакат раҳбарияти ва мутасадди идораларга самимий миннатдорлик билдирди.

Парвозни ташкил этиш Ўзбекистон ва Швеция ваколатли органларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги натижасида амалга оширилди.

Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг хориждаги фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини халқаро мажбуриятлар ва қабул қилувчи давлатлар қонунчилигига риоя қилган ҳолда ҳимоя қилишга қаратилган изчил сиёсатини акс эттиради. Шу билан бирга, хорижга кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва миграция режими бузилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш