Logo

Жамоат транспорти тўловларида Жанубий Корея тажрибаси ўрганилди

Апрель 30, 2026. 15:55 • 2 дақ

159
Жамоат транспорти тўловларида Жанубий Корея тажрибаси ўрганилди

СЕУЛ, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг “ATTO” компанияси молия масалалари бўйича директори Уйғун Холжигитов Жанубий Кореянинг “Tmoney” компанияси вице-президенти Со Хэ Ёнг билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувдан мақсад Ўзбекистонда жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш ва нақд пулсиз тўловлар соҳасида замонавий ечимларни ривожлантириш учун Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда томонлар рақамли транспорт тўлов тизимларини ривожлантиришда тажриба алмашиш, жамоат транспортига замонавий ечимларни жорий этиш ҳамда йўловчилар учун қулай тўлов инфратузилмасини шакллантириш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, “Tagless” ва “Be-In-Be-Out” моделларидан фойдаланган ҳолда BLE (Bluetooth Low Energy) технологиясига асосланган контактсиз тўловларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу технология карта ва терминалларсиз йўл ҳақини автоматик ҳамда қулай тарзда тўлаш имконини беради.

Шунингдек ўқинг

Жамоат транспортида, жумладан автобус ва метроларда, тизим самарадорлигини ошириш ҳамда йўловчилар оқимини оптимал тақсимлаш мақсадида табақалаштирилган тарифларни жорий этиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари инновацион технологияларни жорий этиш муҳимлигини ва уларнинг йўловчиларга қулайлик яратишдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.

Музокаралар якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли тажриба алмашинувини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

“Tmoney” электрон тўлов тизими бўлиб, Жанубий Кореяда жамоат транспорти ва чакана савдо соҳасида кенг қўлланилади. Тизимни бошқарувчи компания 2003 йилда ташкил этилган, тизимнинг ўзи эса 2004 йилда жорий этилган. Сеулда аксарият фойдаланувчилар транспорт карталаридан фойдаланади. Ҳар куни ўртача 17 миллион долларга яқин қийматдаги қарийб 40 миллион операция амалга оширилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш