Навоий вилояти ва Покистоннинг Синд провинцияси ўртасида “Биродарлашган ҳудудлар” муносабатлари ўрнатилади
Апрель 30, 2026. 15:55 • 3 дақ
• 438КАРАЧИ, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Элчи Алишер Тўхтаев ва Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Покистоннинг Синд провинцияси Карачи шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
Делегация аъзолари дастлаб Синд провинциясиб бош вазири Сайид Мурод Али Шоҳ билан учрашув ўтказдилар. Мулоқот давомида томонлар Навоий вилояти ва Синд провинцияси ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тўқимачилик, жун ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, кимё ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби йўналишларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, картошкачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Томонлар «Навоий» эркин иқтисодий зонаси ва Навоий халқаро аэропорти имкониятларини кенг тарғиб этиш орқали покистонлик сармоядорларни Навоий вилоятига жалб қилиш масаласига тўхталиб ўтдилар. Бу инфратузилмалар минтақада логистика ва саноат марказини шакллантиришда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Навоий ва Карачи шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Бу эса икки ҳудуд ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, сайёҳлик алоқаларини ривожлантириш ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам аниқ амалий келишувларга эришилди. Хусусан, Синд провинциясидан Навоий вилоятига гўшт, гуруч, картошка ва чорва молларини етказиб бериш, ўз навбатида, Навоий вилоятидан Покистонга дуккакли маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш таклифлари томонлар томонидан қўллаб-қувватланди. Бу ташаббуслар икки ҳудуд ўртасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорларни диверсификация қилишга хизмат қилади.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари ҳам мулоқот марказида бўлди. Томонлар Навоий вилояти ва Синд провинцияси ўртасида «Биродарлашган ҳудудлар» дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, маданият ва туризм йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш, ёшлар ўртасида алмашинувларни йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича келишувга эришдилар.
Учрашув якунлари бўйича амалий натижадорликни таъминлаш мақсадида томонлар ўртасида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


