“ČTK” АА: Чехия Бош вазирига Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифлари чоғида мамлакатнинг етакчи иқтисодий тузилмалари вакиллари ҳамроҳлик қилмоқда
Апрель 29, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 311
ПРАГА, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Чехиянинг “ČTK” ахборот агентлигида Бош вазир Андрей Бабишнинг Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга расмий ташрифлари ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ахборот агентлиги қайд этишича, ҳукумат раҳбарига энергетика, транспорт, машинасозлик ва мудофаа саноати соҳаларида фаолият юритувчи 50 га яқин нуфузли чех компаниялари ҳамроҳлик қилмоқда. Делегация таркибидан “CSG” мудофаа гуруҳи, “Explosia” ўқ-дори ишлаб чиқарувчи корхонаси, “Škoda Group” муҳандислик компанияси, “Aero Vodochody Aerospace” ва “Česká zброжовка” каби саноат гигантлари ўрин олган.
Чехия саноат ва транспорт конфедерацияси (SPČR) маълумотларига кўра, сафардан асосий мақсад – ушбу мамлакатларга чех экспортини ошириш ва янги инвестициявий имкониятларни излашдир.
Ташриф дастури ниҳоятда тиғиз бўлиб, Андрей Бабишнинг Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбарияти билан музокараларидан сўнг, сафарнинг якуний нуқтаси сифатида Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви белгиланган.
Чех экспертларининг фикрича, аҳолиси 70 миллиондан ортиқ бўлган бу уч мамлакат Чехия учун стратегик аҳамиятга эга. Хусусан, Озарбайжон ва Қозоғистон Чехиянинг асосий энергия ресурслари етказиб берувчилари саналади. Ўтган йили Чехия импорт қилган нефтнинг 42 фоизи айнан Озарбайжон ҳиссасига тўғри келган.
Мақолада таъкидланишича, Чехия компаниялари нафақат энергетика ва мудофаа, балки транспорт инфратузилмаси ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида. Бугунги кунда минтақада муваффақиятли ишлаётган чех тадбиркорлари сони ортиб бораётгани, ушбу бизнес-миссия эса иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси