Logo

“Daily News Hungary”: Тошкент халқаро форуми янги инвестиция имкониятларини очади

Апрель 25, 2026. 14:55 • 2 дақ

71
“Daily News Hungary”: Тошкент халқаро форуми янги инвестиция имкониятларини очади

БУДАПЕШТ, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Daily News Hungary” нашрида жорий йилнинг 16–19 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, бу галги форум глобал ноаниқлик шароитида капитални ҳимоя қилиш ва бозорларда стратегик йўналишларни белгилаш масалаларини қамраб олади.

Мақолада Ўзбекистон иқтисодиётининг макроиқтисодий натижалари алоҳида эътироф этилган. 2025 йил якунларига кўра, мамлакат ЯИМ 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард доллардан ошди. Бу минтақадаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

Шунингдек, “Fitch Ratings” ва “S&P Global” агентликлари мамлакат суверен рейтингини “BB” даражасигача кўтаргани Ўзбекистоннинг фундаментал трансформациясини ифодалайди.

Форумнинг марказий мавзуси сифатида 2026 йил март ойида ташкил этилган Тошкент халқаро молия маркази белгиланган. Мазкур марказ инвесторлар учун алоҳида ҳуқуқий режим, солиқ имтиёзлари ва халқаро арбитраж (TIAC) каби қулайликларни тақдим этади. Жаҳоннинг етакчи молия марказлари раҳбарлари иштироки форум нуфузини янада оширади.

Форум дастури тўртта асосий блокка бўлинган: инвестициявий барқарорлик, молиявий инфратузилма, транспорт-логистика коридорлари ва энергетика трансформацияси. Энергетика соҳасида Ўзбекистон 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилган. Ҳозирда мамлакатда 4 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол станциялари ишлаб турган бўлса, яна 19 ГВт.лик лойиҳалар портфели мавжудлиги хорижий инвесторлар учун улкан имконият сифатида кўрсатилган.

Учрашувлар доирасида Жанубий Корея, АҚШ, Венгрия, Туркия ва бошқа мамлакатлар билан икки томонлама бизнес-форумлар, ШҲТ давлатлари доирасида инвестициявий мулоқотлар ўтказилиши режалаштирилган. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш