Ўзбекистонда ўсимликларни чанглатиш бўйича Британия тажрибаси ўрганилади
Апрель 25, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 345
ЛОНДОН, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ташаббуси билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг “PBS International” компанияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида компания ижрочи директори Ханна Сениор Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилишни кенгайтириш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган изчил чора-тадбирларни алоҳида эътироф этди.
Британия томони мазкур йўналишларни амалга оширишга амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди. Компания чанглатиш жараёнларини самарали бошқариш учун инновацион ечимларни қўллаган ҳолда юқори сифатли ва рақобатбардош ўсимлик навларини яратиш бўйича ҳамкорликдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Томонлар селекция ва уруғчилик соҳаларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзбекистонлик мутахассислар билан тажриба алмашиш ва уларнинг малакасини ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
“PBS International” – ўсимликлар чангланишини назорат қилиш соҳасидаги дунёнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компания селекционерлар ва уруғчилар учун маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатига етказиб беради. Ярим асрлик тажрибага эга бўлган ушбу ташкилот тижорий уруғчилик компаниялари ва илмий муассасалар билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси