ЮНЕСКОнинг таълим платформасига уланиш имкониятлари кўриб чиқилди
Апрель 24, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 330
ПАРИЖ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари ва ЮНЕСКОнинг Давлат рақамли таълим платформаси жамоаси ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мазкур учрашувда ЮНЕСКО томонидан дастур раҳбарлари Марк Вест ва Алина Кириллина иштирок этди. Томонлар таълимни рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу платформага уланиши истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув давомида ЮНЕСКО вакиллари лойиҳа мазмуни ва амалий механизмлари, хусусан, ташаббус давлат таълимининг рақамли ва онлайн муҳитда тўлақонли мавжудлигини таъминлаши ҳамда бепул ва сифатли рақамли таълим контентидан фойдаланишни осонлаштириши ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, ташкилот Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, хусусан, мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантиришда эришилган ютуқларни юқори баҳолади. Мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлар, рақамли ечимларни илгари суриш ва замонавий таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар таълимни рақамлаштириш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ЮНЕСКОнинг мазкур ташаббуси доирасида ҳамкорлик ўрнатиш масаласини кўриб чиқишга келишиб олди.
ЮНЕСКОнинг Давлат рақамли таълим платформаси (Gateways to Public Digital Learning) – бу ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида амалга оширилаётган глобал ташаббус бўлиб, мамлакатларга оммабоп рақамли таълим платформаларини яратиш ва такомиллаштиришга кўмаклашувчи дастур ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси