“Al Riyadh” газетаси: Саудиялик туристларнинг Самарқанд ва Бухорога қизиқиши тобора ортмоқда
Апрель 20, 2026. 16:40 • 2 дақ
• 148
АР-РИЁЗ, 20 апрель. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонида чоп этиладиган машҳур “Al Riyadh” кунлик газетасида эълон қилинган мақолада саудиялик туристлар учун Ўзбекистон энг қизиқарли манзиллар қаторига киритилгани қайд этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, дунё пойтахтларининг аксарияти ҳақиқий туризм учун унчалик мос эмас ва уларга кўпроқ транзит сифатида ташриф буюриш тавсия этилади. Муаллиф фикрича, бундай истиснолар жуда кам бўлиб, улар қаторига Париж, Лондон, Ар-Риёд, Буэнос-Айрес, Куала-Лумпур ва Москва киради.
Мақолада саудиялик сайёҳлар орасида маданий ва тарихий туризмга қизиқиш сезиларли даражада ошгани таъкидланади. 2019 йилда уларнинг 65 фоизи асосан харид ва оилавий дам олиш учун саёҳат қилган бўлса, 2024 йилга келиб 68 фоизи музейлар, тарихий обидалар ва санъатга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Музейлар ва маданий тадбирларга сарфланадиган харажатлар 2019–2024 йиллар давомида 24 фоизга ошган ва ҳозирда умумий туристик бюджетнинг қарийб 20 фоизини ташкил этмоқда.
“Al Riyadh”да Ўзбекистонга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошганини алоҳида қайд этилган. Газета маълумотларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон Япония ва Италия билан бирга саудиялик сайёҳлар учун энг оммабоп маданий йўналишлар учлигига кирган.
Сўнгги икки йилда маданий мерос ва тарих йўналишида Ўзбекистонга бўлган талаб 35 фоизга ошгани айтилмоқда.
Мақолада Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг асосий сабаблари сифатида Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари кўрсатилган. Саудиялик сайёҳлар бу шаҳарларда дунёдаги энг машҳур ислом меъморчилиги намуналарини кўриши,буюк мусулмон алломалари тарихи билан танишиши, деярли асл ҳолатда сақланган мадрасалар ва масжидларни зиёрат қилиши, ипак, гилам ва сопол буюмлар каби ноёб ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Мақола хулосасида саудиялик сайёҳларга саёҳатга буюк араб сайёҳлари – Ибн Баттута ва Ибн Фадлан каби тарихий шахслар нигоҳи билан қараш тавсия қилинган. Бундай ёндашув саёҳатни оддий дам олиш эмас, балки чуқур маданий ва маънавий бойликка айлантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси