Logo

Покистон ОАВ: Наврўз – табиат билан уйғунлик, инсонлар ўртасидаги дўстлик ва бирдамлик рамзи

Март 24, 2026. 15:54 • 2 дақ

85
Покистон ОАВ: Наврўз – табиат билан уйғунлик, инсонлар ўртасидаги дўстлик ва бирдамлик рамзи

ИСЛОМОБОД, 24 март. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «The World News», «The Gulf Observer» ва «Infora News» электрон нашрларида «Дунё» ахборот агентлиги томонидан тайёрланган «Наврўз – баҳор, бирдамлик ва маданий анъаналар рамзи» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

«Наврўз инсоният тарихидаги энг қадимий мавсумий байрамлардан бири бўлиб, у табиатнинг уйғониши, янги йил бошланиши ва жамиятдаги ҳамжиҳатлик ғояларини ифодалайди. Ушбу байрам Марказий Осиё, Эрон, Кавказ, Яқин Шарқ ҳамда Жанубий Осиё халқлари маданиятида муҳим ўрин эгаллаган бўлиб, у кўп асрлик цивилизациявий анъаналарнинг давомийлигини акс эттиради», – дейилган мақолаларда.

Қайд этилишича, тарихий манбаларга кўра, Наврўз анъанаси камида уч минг йиллик тарихга эга. Бу ҳақда Абу Райҳон Беруний ўзининг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида батафсил маълумот берган.

Шунингдек ўқинг

Наврўз қадимги эроний ва туркий халқлар календарь тизими билан боғлиқ бўлиб, баҳорги тенгкунлик пайтида нишонланган. Наврўзнинг пайдо бўлиши астрономик ҳодисалар билан бевосита боғлиқ. Баҳорги тенгкунлик вақтида Қуёш эклиптика бўйлаб ҳаракатланиб, Ҳамал буржига киради ва кун билан тун тенглашади. Қадимги халқлар ушбу табиий ҳодисани янги йилнинг бошланиши сифатида талқин қилган. Шу сабабли, Наврўз қадимдан табиат уйғониши, ҳосилдорлик ва ҳаётнинг янгиланиши рамзи сифатида қаралган.

Покистон ОАВ ёзганидек, байрам Ўзбекистон, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ҳиндистон ва Покистон каби мамлакатларда турли шаклларда нишонланади. Унинг умумий ғояси – табиат билан уйғунлик, инсонлар ўртасидаги дўстлик ва жамиятдаги бирдамликни мустаҳкамлашдан иборат.

«Наврўзнинг халқаро миқёсдаги аҳамияти алоҳида эътироф этилган. 2009 йилда ЮНEСКО Наврўзни инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритди. Кейинчалик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 21 мартни Халқаро Наврўз куни деб эълон қилиб, байрамнинг халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашдаги ролини алоҳида таъкидлади», – дея урғуланган манбаларда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш