Logo

“Eureflect”: Ислом цивилизацияси маркази ўтмиш ва келажакни боғловчи кўприкдир

Март 17, 2026. 15:20 • 2 дақ

155
“Eureflect”: Ислом цивилизацияси маркази ўтмиш ва келажакни боғловчи кўприкдир

БРЮССЕЛЬ, 22 март. /“Дунё” АА/. Европанинг нуфузли “Eureflect” ахборот-таҳлил порталида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон ўз тарихидаги янги давр – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратмоқда. Бу жараёнда Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази алоҳида ўрин тутади. Нашр ушбу мажмуани шунчаки меъморий обида эмас, балки мамлакатнинг интеллектуал ва маънавий тикланишини ифодаловчи стратегик лойиҳа сифатида таърифлаган.

Европа нашри Марказ таркибидаги ноёб бўлимларга – бой кутубхона, қўлёзмалар фонди, замонавий музей экспозициялари ва илмий-тадқиқот лабораторияларига юқори баҳо берган. Айниқса, Марказий Осиёдан етишиб чиққан Бухорий, Термизий, Хоразмий ва Ибн Сино каби буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасидаги тизимли ишлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шунингдек, мақолада Марказнинг халқаро мулоқот майдонига айланаётгани, унинг ЮНЕСКО ва ИҲТ каби ташкилотлар билан яқин ҳамкорлиги таъкидланган.

“Ислом цивилизацияси маркази – бу ўтмиш ва келажакни боғловчи кўприк бўлиб, у Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, балки бутун мусулмон оламида маданий ва интеллектуал етакчиликка қайтаётганининг рамзидир”, деб ёзади “Eureflect”.

Нашр хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу марказ орқали ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини намойиш этмоқда ва радикаллашувга қарши “маърифат билан курашиш” моделини дунёга тақдим этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш