Logo

“Yenikonya” газетаси: Ислом цивилизацияси маркази бутун ислом олами учун илму маърифат маёғи бўлиб хизмат қилади

Март 19, 2026. 16:04 • 2 дақ

116
“Yenikonya” газетаси: Ислом цивилизацияси маркази бутун ислом олами учун илму маърифат маёғи бўлиб хизмат қилади

АНҚАРА, 21 март. /“Дунё” АА/.Туркиянинг “Yenikonya” газетасида Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган мақолаэълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг ёзишича, сўнгги йилларда ислом оламининг энг муҳим тарихий, маданий ва бадиий дурдонасига айланган ушбу муаззам мажмуа муборак муқаддас Рамазон ойида фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев марказнинг расмий очилиш маросими ва ифторлик дастурхонида иштирок этиб, тарихий нутқ сўзлади.

Газетада қайд этилишича, 2017 йилнинг Рамазон ойида пойдевори қўйилган ушбу улуғвор лойиҳа 2026 йилги Рамазон ҳайити арафасида ниҳоясига етказилди. Маросимда турли миллат ва диний эътиқод вакиллари, дипломатик миссиялар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар расмийлари иштирок этди.

“Yenikonya” Марказнинг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, унинг кириш қисмига муҳрланган “Иқро!” (Ўқи!) ояти лойиҳанинг асосий ғояси – илм ва маърифат эканидан далолат беришини ёзади. Марказда “Исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс” ҳамда Янги “Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари жой олган. Марказий залда эса дунёдаги энг қадимги қўлёзмалардан бири – Усмон мусҳафи учун алоҳида жой ажратилган.

Мақолада лойиҳанинг халқаро характерига ҳам урғу берилган. Қурилиш ва илмий тадқиқот жараёнларида Туркия, Франция, Хитой, Буюк Британия ва АҚШ каби мамлакатлардан мутахассислар иштирок этган. Марказ таркибида АЙСЕСКО, ИРСИКА ва ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилотларнинг офислари очилгани ҳамкорликнинг янги босқичидир.

Туркия нашри мақолани эзгу тилаклар билан якунлаган: “Умид қиламизки, ушбу марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами ва инсоният учун илм ва маърифат маёғи бўлиб хизмат қилади”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш