Оммабоп Индонезия телеканалида Ўзбекистон мероси ва тараққиёти кенг ёритилди
Март 20, 2026. 14:26 • 2 дақ
• 161
ЖАКАРТА, 20 март. /“Дунё” АА/. Рамазон ҳайити кунлари Индонезиянинг “Garuda TV” телеканали эфирида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, юксак илмий салоҳияти ҳамда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва тараққиёт жараёнларига бағишланган махсус дастурнамойиш этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур кўрсатувда Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси марказининг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Дастурда қайд этилганидек, ушбу марказ ислом оламининг кўп асрлик бой илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни замонавий илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, марказ нафақат тарихий меросни сақлаш, балки унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва турли маданиятлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган замонавий илмий-маърифий платформа сифатида баҳоланди.
Кўрсатув доирасида жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар – Ибн Сино, Имом Бухорий ва Муҳаммад ал-Хоразмий каби мутафаккирларнинг бой илмий мероси чуқур таҳлил этилди. Уларнинг асарлари ва кашфиётлари нафақат ўз даврида, балки бугунги кун фан ва технология тараққиёти учун ҳам мустаҳкам илмий пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон замини азалдан илм-фан ва маърифат маркази сифатида шакллангани, бугунги кунда эса янги авлод ушбу бой анъаналарни муносиб давом эттираётгани Индонезия аудиториясига таъсирчан ва мазмунли тарзда етказилди.
Материалда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси марказларидан бири сифатидаги тарихий ўрни, маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган изчил давлат сиёсати ҳам батафсил ёритилди. Шу билан бирга, мамлакатнинг турли давлатлар, жумладан Индонезия билан маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътироф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси