“Asdaa Oman”: Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси янги қиёфада намоён бўлди
Март 22, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 169
МАСКАТ, 26 март. /“Дунё” АА/. Ўмоннинг “Asdaa Oman” газетасида “Имом Бухорий мажмуаси – маънавий мерос ва замонавий меъморчилик уйғунлиги” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Марказий Осиё азалдан буюк алломалар ватани экани, улар орасида Имом Бухорий ислом цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутиши алоҳида ёритилган. Унинг “Саҳиҳи Бухорий” асари Қуръони каримдан кейинги энг муҳим манбалардан бири сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, материалда алломанинг ҳаёти ва илмий фаолияти, ҳадис илмига қўшган улкан ҳиссаси, илм йўлида амалга оширган сафарлари ва шогирдлар етиштиришдаги ўрни батафсил ёритилган.
Самарқанд яқинида жойлашган Имом Бухорий мажмуасининг тарихи, уни қайта тиклаш жараёнлари ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этилишича, мажмуа Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2018 йилдан буён реконструкция қилиниб, кенгайтирилди. Унинг таркибига замонавий масжид, музей, меҳмонхоналар ва бошқа инфратузилма объектлари киритилиб, йирик маданий-зиёрат маркази шакллантирилди.
Нашр таъкидлашича, бугунги кунда Имом Бухорий мажмуаси нафақат зиёратгоҳ, балки ислом тарихи ва илмий меросини ўрганишга хизмат қиладиган муҳим маънавий, илмий ва маданий марказга айланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси