Logo

Қирғиз нашри: Ўзбекистон ва Тожикистон сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Март 26, 2026. 15:06 • 5 дақ

59
Қирғиз нашри: Ўзбекистон ва Тожикистон сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

БИШКЕК, 26 март. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Аlliance-press.kg” нашрида “Ўзбекистон – Тожикистон: сув ресурслари соҳасида ҳамкорлик” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, ўзбек ва тожик халқлари қадимдан ёнма-ён яшаб келган, дарёларимиз, анъаналаримиз, маданий қадриятларимиз кўп жиҳатдан муштарак. Тарихий яқинлик, ўзаро ҳурмат, умумий манфаатлар ва яхши қўшничилик Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги замонавий ҳамкорликнинг, жумладан, сув хўжалиги соҳасидаги шерикликнинг мустаҳкам пойдеворига айланди.

Икки давлат ўртасида сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари 1992 йилда Олма-ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан имзоланган “Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида”ги кўп томонлама битим билан белгиланган. Ушбу ҳужжат трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона ва ўзаро манфаатли фойдаланиш бўйича келишилган ёндашувларни шакллантириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йилда икки давлат ўртасида Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳнинг миллий қисмларига Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири ҳамда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири раҳбарлик қилади.

“Бугунги кунга қадар қўшма ишчи гуруҳнинг еттита йиғилиши ўтказилган бўлиб, улар доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари мунтазам муҳокама қилинмоқда. Хусусан, сув хўжалиги соҳасида қўшма трансчегаравий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича тажриба алмашиш, “Баҳри тожик” сув омборининг иш режимини келишиш масалалари кўриб чиқилмоқда”, дея фикр юритган мақола муаллифи.

Ўзбекистон, Тожикистон, ва Қозоғистон “Баҳри тожик” сув омборининг ёз мавсумидаги иш режимини келишиш бўйича самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Ушбу ҳамкорлик ҳар йили уч давлат иштирокидаги ишчи учрашувлар баённомаларини имзолаш орқали амалга оширилмоқда.

Нашрда таъкидланишича, эришилган келишувларга мувофиқ, Тожикистон ёз мавсумида “Баҳри тожик” сув омборидан қўшимча сув чиқаришни таъминлайди. Бу Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилашга, вегетация даврини муваффақиятли ўтказишга ёрдам беради. Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Қозоғистон томони Тожикистон томонига “Баҳри тожик” сув омборида ирригация ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш учун техника, асбоб-ускуналар ва ёқилғи-мойлаш материаллари кўринишида беғараз моддий-техник ёрдам кўрсатмоқда.

2025 йил 30 майда Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида “Баҳри тожик” сув омборининг 2025 йил июньавгуст ойлари учун иш режимини келишиш бўйича уч томонлама ишчи йиғилишнинг навбатдаги баённомаси имзоланди. Ушбу протоколга мувофиқ, кўрсатилган даврда 1142 млн метр куб ҳажмдаги сувни чиқариб юбориш режалаштирилган эди. Бироқ амалда унинг ҳажми 1241 млн метр кубни ташкил этди. Бу эса қўшимча сув чиқариш ҳисобига Ўзбекистоннинг Сирдарё дарёси ҳавзасида жойлашган Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан ишончли таъминлаш имконини берди.

Шунингдек ўқинг

Манбада қайд этилганидек, ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши сув ресурслари мониторинги ва ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш. Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича Ўзбекистон-Тожикистон қўшма ишчи гуруҳининг 2021 йил 31 май куни бўлиб ўтган 4-йиғилиши баёнига мувофиқ, 2024 йилда Швейцария ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан “Патар” ва “Сарвак” гидропостларига замонавий сув ўлчаш ускуналари ўрнатилди.

Ушбу ускуна Ўзбекистон ва Тожикистон томонларига реал вақт режимида тезкор ва ишончли маълумотларни олиш, шунингдек, “Шимолий Фарғона” ва “Катта Фарғона” давлатлараро магистраль каналларида сув сарфининг аниқ ҳисобини юритиш имконини беради.

Сув омборларининг иш режимларини мувофиқлаштириш ва сув ресурсларини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш билан бир қаторда томонлар ирригация инфратузилмасини тиклаш, модернизация қилиш ва муҳофаза қилишга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилоятида сув ресурслари танқислигини юмшатиш ва қишлоқ хўжалиги экин майдонларини кафолатли сув билан таъминлаш мақсадида 2018-2021 йилларда Тожикистон ҳудудида жойлашган Варзоб дарёсидан сув оладиган “Катта Ҳисор” каналининг 50,8 км узунликдаги қисми лойқа ва чўкиндилардан тўлиқ тозаланди.

20222025 йилларда вилоятда барқарор сув олишни таъминлаш мақсадида Варзоб дарёсидаги йирик сув тақсимлаш иншооти (4 та ростловчи сув тўсиғи) ҳамда “Катта Ҳисор” каналининг 28 та йирик ва кичик сув тўсиқларида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Муаллифнинг фикрича, “Катта Ҳисор” каналининг Хонақа дарёсини дюкер орқали кесиб ўтувчи қисми авария ҳолатида бўлгани сабабли, ушбу ҳудудни Хонақа дарёсидан келадиган сел ва тошқин сувларидан ҳимоя қилиш мақсадида дарё ўзанини темир-бетон билан мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилди.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида Сурхондарё вилояти эҳтиёжлари учун ирмоқларнинг вегетация ва вегетация оралиғидаги сувлилигини ҳисобга олган ҳолда Тожикистонда жойлашган манбалардан 35-40 м3/с гача қўшимча сув етказиб бериш таъминланмоқда.

Сув давлатлар тараққиёти ва минтақамиз халқлари фаровонлигини белгилаб берадиган энг муҳим табиий ресурслардан биридир. Ўзбекистон ва Тожикистон трансчегаравий дарёлар ресурсларидан биргаликда фойдаланиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда, барқарор тараққиёт ва умумий фаровонликни биргаликда таъминлашга интилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш