Logo

“Аvesta” АА: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида трансчегаравий сув ресурслари бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган

Март 25, 2026. 19:10 • 2 дақ

93
“Аvesta” АА: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида трансчегаравий сув ресурслари бўйича самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган

ДУШАНБЕ, 26 март. /“Дунё” АА/. Тожикистоннинг “Аvesta” ахборот агентлигида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, икки халқни тарихий яқинлик, муштарак анъаналар ва умумий манфаатлар боғлаб туради. Бу омиллар икки давлат ўртасидаги замонавий ҳамкорлик, жумладан, сув хўжалиги соҳасидаги шериклик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий пойдевори 1992 йилда Олма-отада имзоланган давлатлараро сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битимга бориб тақалади. Ушбу ҳужжат трансчегаравий сувлардан оқилона фойдаланиш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

2019 йилда Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича Ўзбекистон–Тожикистон қўшма ишчи гуруҳи ташкил этилди. Шу кунга қадар унинг бир нечта йиғилишлари ўтказилиб, қўшма лойиҳалар, сув бошқаруви ислоҳотлари ва “Баҳри тожик” сув омборининг иш режимини мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида “Баҳри тожик” сув омборидан ёз мавсумида самарали фойдаланиш бўйича изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу орқали Ўзбекистон ва Қозоғистонда суғориладиган ерларни сув билан таъминлаш яхшиланмоқда. Ўз навбатида, мазкур давлатлар Тожикистонга техник ва моддий ёрдам кўрсатмоқда.

Сув ресурсларини мониторинг қилиш ва ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Хусусан, замонавий ўлчаш ускуналарининг жорий этилиши сув сарфини аниқ ҳисоблаш ва маълумотларни реал вақт режимида олиш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, томонлар ирригация инфратузилмасини тиклаш ва модернизация қилиш ишларини амалга оширмоқда. Жумладан, “Катта Ҳисор” канали ва Варзоб дарёсидаги иншоотларни таъмирлаш ва мустаҳкамлаш ишлари натижасида Сурхондарё вилоятига қўшимча сув етказиб бериш имконияти яратилди.

Мақолада қайд этилишича, сув ресурслари минтақада барқарор тараққиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон ва Тожикистон бу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириб бормоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш