Logo

“Global News Pakistan”: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажми 40 фоизгача ошиши мумкин

Март 26, 2026. 15:42 • 2 дақ

57
“Global News Pakistan”: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажми 40 фоизгача ошиши мумкин

ИСЛОМОБОД, 26 март. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Global News Pakistan” нашри сайтида “Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш имкониятини баҳолади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини 30–40 фоизга ошириш имконияти мавжуд. Бу, аввало, икки мамлакат саноати ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш билан боғлиқ.

Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик барқарор ижобий ўсишни намоён этмоқда, бироқ мавжуд салоҳият ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари Хуршед Асадов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Тожикистон: иттифоқчилик ва минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда маълум қилди.

Марказ маълумотига кўра, 2017–2025 йиллар давомида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,8 баробарга ошиб, 238 миллион доллардан 912 миллион долларга етган. Жумладан, Ўзбекистон экспорти 3,7 баробарга, Тожикистондан импорт эса 4 баробардан ортиққа ошган.

Шунингдек ўқинг

Бугунги кунда Тожикистон Ўзбекистоннинг муҳим минтақавий савдо шерикларидан бири бўлиб, ўзбек маҳсулотларини импорт қилувчи давлатлар орасида тўққизинчи ўринни эгаллайди.

Нашрда қайд этилишича, икки мамлакатнинг географик яқинлиги, умумий чегара ва ривожланган транспорт алоқалари савдо муносабатларини янада кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратади. Айниқса, автомобилсозлик, маиший техника, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари экспортини ошириш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилган.

Мақолада мазкур халқаро илмий-амалий конференция Марказий Осиё халқаро институти томонидан ташкил этилгани, унда иштирокчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилгани таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш