Қатардан эвакуация: бугун 200 нафардан ортиқ юртдошимиз Ар-Риёз орқали Ўзбекистонга қайтарилди
Март 08, 2026. 13:34 • 2 дақ
• 45ТОШКЕНТ, 8 март. /“Дунё” АА/. Яқин Шарқдаги кескин вазият ва қатор давлатлар ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан Қатардан Ўзбекистон фуқароларини махсус эвакуация қилиш тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ватандошлар Қатардан автобусларда Саудия Арабистонига жўнатилган. У ердан махсус рейс билан Ар-Риёздаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропорт орқали 202 киши бугун Тошкент халқаро аэропортига етиб келди. Яна 100 нафардан ортиқ киши Саудия Арабистони меҳмонхоналарига вақтинча жойлаштирилган ва қўшимча рейсларни кутмоқда.
“Дунё” АА мухбири ватандошлар билан суҳбатлашди:
Зебо Омонова:
– Қатарга дам олиш учун келган эдик.Аммо кутилмаганда вазият кескинлашди. Аллоҳга шукр, Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси ходимлари бизни ёлғиз қолдирмади, доимо ҳолимиздан хабар олиб турди. Улар биз учун Ар-Риёзгача автобус ташкил қилиб, юртимизга эсон-омон қайтишимизни таъминлади. Бунинг учун, аввало, Президентимизга ва элчихона ходимларига миннатдорлик билдирмоқчиман. Улар бизни мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ходимлари кутиб олган чегарагача кузатиб боришди. Ўз навбатида, улар учиб кетгунча биз билан бирга бўлишди.
Баҳриддин Шарипов:
– Бизни Элчихона ходимлари кутиб олди. Улар бизга ҳамма нарсада, рўйхатдан ўтиш ва бошқа ташкилий масалаларда, ҳатто учиб кетишгача ёрдам беришди. Бу, том маънода олижаноб иш бўлди.Президентимиздан чин дилдан миннатдормиз. Биласизми, биз ёлғиз эмаслигимизни, давлатимиз томонидан доим қўллаб-қувватланишимизни ҳис этган эдик. Баъзи давлатлар одамларини тезкорлик билан олиб кетаётганини, айрим мамлакатлар эса фуқароларига эътибор ҳам кўрсатмаганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ватанга қайтишда жонбозлик кўрсатган барчага катта раҳмат.
Эльвира Ташходжаева:
– Эвакуация жараёни давлатимиз томонидан юқори даражада ташкил этилди. Элчихона дипломатлари мушкул ҳолатимизга тез муносабат билдириб, вазиятимизни ҳал қилишга астойдил ёрдам берди. Улар ҳеч қандай ваҳима бўлмаслиги учун бизни учиб кетгунимизча кузатиб борди. Бизга “Ҳеч нарсадан ташвишланманг, биз ёнингиздамиз”, дея доим далда бериш туришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

