“The Telegraph”: XXI асрда Хива каби тарихий жойларни камдан-кам ҳолларда учратиш мумкин
Январ 12, 2026. 11:49 • 2 дақ
• 101
ЛОНДОН, 12 январь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг машҳур “The Telegraph” кундалик нашрида Хива шаҳрининг бугунги ҳолати ва бу ердаги тарихий қадамжолар ҳақида ҳикоя қилувчи мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда ёзилишича, XXI асрда Хива каби тарихий жойларни камдан-кам ҳолларда учратиш мумкин. Ипак йўлининг ушбу қимматли объекти бугунги кунда ҳам Бухоро ва Самарқанд каби улуғворлик касб этиб турибди.
Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда Хива ва пойтахт Тошкент ўртасида янги тезюрар поездни йўлга қўйиш ниятида. Ушбу саъй-ҳаракатлар йўлга кетадиган вақтни ҳозирги 15 соатдан етти соатгача қисқартиради.
Хиванинг деярли барча тарихий диққатга сазовор жойлари ўрта асрларга оид Ичан-қалъа ичида жойлашган. Сарой ва масжидлар, мадраса ва мақбаралар билан тўлиб-тошган бу тарихий маскан очиқ осмон остидаги музей саналади. Ташриф буюрувчилар асосий кириш эшиги – Ғарбий дарвозага яқинлашганда ҳайратда қолишади, унинг ортида Муҳаммад Амин Хоннинг улуғвор мадрасаси жойлашган.
Хонлар ҳукмронлиги санъатга катта маблағ сарфланган. Бу ердаги ҳар бир бинонинг олд томони кошин билан қопланган баланд токчалар билан безатилган бўлиб, уларнинг ён томонларида кенгайиб борувчи геометрик нақшлар жойлашган. Ислом олами одамлар ва ҳайвонларни тасвирлашни тақиқлайди, шунинг учун рассомлар табиатни ифодалаш учун мавҳум нақшлар яратган. Кўк ва феруза ранглар осмон ва тинчлик, оқ ранг эса поклик рамзини англатган.
VIII асрда араблар Хивага келганида бу ерда оташпарастлик дини - зардуштийлик бўлган. Вақт ўтиши билан ислом анъаналари зардуштийлик маданиятини сиқиб чиқарган. Аммо унинг айрим жиҳатлари ҳалигача сақланиб қолган.
Хива пиёда юриш учун жуда қулай шаҳар бўлиб, масжиддан атиги бир дақиқалик масофада ўзгаришлар даврини белгилаган иншоот мавжуд. Ғишт териш бўйича Кардифф, Манчестер ёки Ливерпулдаги бинолардан унчалик фарқ қилмаган Ислом Хўжа мадрасаси Хивадаги биринчи русийзабон мактабга айланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси