Logo

“Hello Magyar”: Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг маданий ўзига хослигини тиклаб, моддий-маънавий меросини келажак авлодларга етказмоқда

Март 17, 2026. 08:10 • 2 дақ

163
“Hello Magyar”: Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг маданий ўзига хослигини тиклаб, моддий-маънавий меросини келажак авлодларга етказмоқда

БУДАПЕШТ, 17 март. /“Дунё” АА/. Венгриянинг оммабоп “Hello Magyar” онлайн-нашрида Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилишига бағишланган “Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал юксалиш стратегияси сифатида” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси маънавий, тарихий ва илмий жиҳатларни бирлаштириб, анъанавий музейни замонавий таълим ва тадқиқот платформасига айлантиради. Мажмуада Темурийлар даври меъморчилик анъаналари илғор технологиялар, жумладан, ВР, АР ва рақамли архивлар билан уйғунлашган бўлиб, бу ташриф буюрувчиларга Марказий Осиё меросини интерактив тарзда ўрганиш ва ўтмишдаги илмий ютуқларнинг виртуал реконструкциялари билан мулоқот қилиш имконини беради.

Марказ экспонатларини шакллантиришда хориждаги маданий бойликларни юртимизга қайтаришга алоҳида эътибор қаратилди. Дунё бўйлаб тарқалган мингдан ортиқ ноёб қўлёзма ва осори-атиқалар Ўзбекистонга қайтарилди, халқаро тадқиқотлар ва аукцион уйлари билан ҳамкорлик марказ тўпламларини Мовароуннаҳр ва Хуросон санъат буюмлари билан тўлдириш имконини берди. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг маданий ўзига хослигини тиклаб, моддий-маънавий меросни келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамиятга эга.

Мақолада “Цивилизация – Шахслар – Кашфиётлар” тамойили асосида қурилган марказ экспозициясининг ўзига хослиги алоҳида таъкидланган. Ташриф буюрувчилар Исломгача бўлган даврдан Биринчи ва Иккинчи Ренессансгача бўлган йўлни босиб ўтиши мумкин. “Цивилизациялар девори” эса инсониятнинг узлуксиз интеллектуал ривожланишини намойиш этади. Болалар ва катталар учун лабораториялар ва таълим зоналари мажмуани илм-фан, санъат ва муҳандисликни ўзлаштириш учун жонли майдонга айлантиради.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳанинг халқаро эътирофи унинг глобал маданий марказ сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди. Ислом цивилизацияси маркази “Prix Versailles” мукофоти версияси бўйича “Дунёнинг 2026 йилдаги энг гўзал музейлари” рўйхатига киритилган. “Smithsonian Magazine”, “BBC Travel” ва “National Geographic” рейтингларида ҳамда хорижлик нуфузли экспертлар томонидан ҳам ушбу мажмуага юксак баҳо берилган.

Хусусан, халқаро эксперт, ЮНЕСКО бош директори Холид ал-Анани марказни янги авлод музейи, илмий-тадқиқот инфратузилмаси ва халқаро ҳамкорлик платформасини бирлаштирган, Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал ва маънавий тикланишининг рамзи бўлган ноёб мажмуа, дея эътироф этган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш