Logo

Ўзбек ва испан ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди

Февраль 26, 2026. 14:46 • 2 дақ

121
Ўзбек ва испан ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди

МАДРИД, 1 март. /“Дунё” АА/. Мадриддаги Савдо палатасида Қозоғистоннинг Испаниядаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Марказий Осиё кенгайиш жараёнида” мавзусида конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир доирасида юртимизнинг инвестициявий ва иқтисодий салоҳияти тақдимоти намойиш қилинди. Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари белгилаб олинди.

Конференцияда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Очиқ иқтисодиётни шакллантириш ва хорижий инвесторлар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш давлатимизнинг стратегик вазифаси экани таъкидланди.

Инвестиция муҳитини кенг миқёсда трансформация қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бир қатор тизимли қонунчилик ташаббуслари, жумладан, инвестициялар тўғрисида, давлат-хусусий шериклик тўғрисида, махсус иқтисодий зоналар тўғрисида қонунлар қабул қилингани, Президент ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши ва Бизнес-омбудсман институти ташкил этилгани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги логистика ва транспорт тугуни сифатидаги стратегик афзалликлари, халқаро транспорт йўлакларида, жумладан Осиё ва Европани боғлайдиган Ўрта коридорда жойлашгани таъкидланди.

6 мингдан ортиқ товар позициялари учун Европа Иттифоқи бозорига имтиёзли божсиз киришни таъминлайдиган GSP+ режимига алоҳида эътибор қаратилди. Бу Испания компаниялари учун ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда жойлаштириш ва кейинчалик Европа Иттифоқига экспорт қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Тадбир якунлари бўйича Испаниянинг етакчи “Empresa Exterior” бизнес порталида “Марказий Осиёдаги стратегик альянс: Ўзбекистон ва Қозоғистон испан компанияларига минтақавий бозорларга чиқиш учун кенг имкониятлар тақдим этиб, Марказий Осиёнинг асосий логистика ва инвестиция марказлари сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш