Туркияда Амир Темур ва темурийлар даври кенг ўрганилмоқда
Февраль 27, 2026. 13:21 • 2 дақ
• 130АНҚАРА, 28 февраль. /“Дунё” АА/. Туркияда Амир Темур ва темурийлар даври тарихи илмий жиҳатдан узоқ йиллардан буён изчил ўрганиб келинмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Турк тарихшунослигида XIV–XV асрлар Марказий Осиё ҳамда Анадолу тарихи доирасида тадқиқ қилинади. Айниқса, 1402 йил 28 июлда бўлиб ўтган Анқара жанги Туркия тарих илмида алоҳида ўрин тутади. Ушбу жанг Амир Темур ва Усмоний султони Йилдирим Боязид ўртасида кечган бўлиб, Усмонийлар давлат тарихида “Инқироз даври” (1402–1413) бошлангани турк тарихчилари томонидан кенг таҳлил қилинган.
Туркияда Амир Темур ва темурийлар меросига бағишланган фундаментал илмий нашрлар давлат академик муассасалари томонидан амалга оширилади. Жумладан, Туркия Фанлар академияси томонидан 2025 йилда “Амир Темур ва унинг мероси” номли икки томлик илмий тўплам нашр этилди. Унда Темурийлар давлат бошқаруви тизими, ҳарбий санъати, дипломатик муносабатлари, илм-фан ва маданият соҳасидаги мероси атрофлича ёритилган.
Турк тарих жамияти томонидан Темур ва темурийлар даврига бағишланган қатор илмий асарлар чоп этилган. Хусусан, турк тарихчиси Исмоил Ака томонидан ёзилган “Темур ва унинг давлати” ҳамда “Темурийлар” асарлари Туркияда асосий илмий манбалардан бири ҳисобланади.
XX аср турк тарихшунослигида Марказий Осиё тарихи бўйича йирик олимлардан бири Аҳмад Заки Валиди Тоған ҳам Темурийлар тарихи ва манбашунослиги бўйича муҳим илмий қарашларни илгари сурган. Унинг асарлари ҳозиргача турк академик муҳитида илмий манба сифатида қўлланилиб келинмоқда.
Туркия университетларида ҳам Амир Темур мавзусида магистрлик ва докторлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Жумладан, Анқара, Ҳажитеппе ва Истанбул университетларида Темурийлар ташқи сиёсати, диний сиёсат, Бобурийлар манбаларида Темур образи ҳамда Темурийлар маданиятига оид тадқиқотлар амалга оширилган.
Илмий мақолалар асосан Туркиянинг миллий академик платформаси — “DergiPark” академик платформаси орқали чоп этилмоқда. Ушбу платформада “Амир Темурнинг мазҳаб сиёсати”, “Темурийлар давлати тарихи бўйича Туркияда амалга оширилган тадқиқотлар библиографияси”, “Бобурийлар манбаларида Темур образи” каби мақолалар жойлаштирилган.
Шу билан бирга, Туркия миллий кутубхонаси фондида “Темур”, “Темурийлар”, “Темурланг” калит сўзлари асосида юзлаб китоблар, диссертациялар ва илмий тадқиқотлар сақланмоқда.
Туркияда Амир Темур ва темурийлар даври тарихи XIV–XV асрлар Анадолу ва Марказий Осиё муносабатлари доирасида кенг ва тизимли равишда ўрганилган. Давлат академиялари, илмий жамиятлар, университетлар ва миллий кутубхоналарда мазкур мавзуга оид салмоқли илмий мерос шаклланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



