Қувайтда Темур ва темурийлар даврига оид китоблар ва экспонатлар кенг намойиш этилган
Февраль 26, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 231АЛ-КУВАЙТ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлатда сақланаётган Амир Темур ва темурийлар даврига оид китоблар ва қўлёзмалар ҳамда ушбу давр санъати, меъморчилиги ва миниатюраларига оид экспонатларни ўрганди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Изланишлар натижасида маълум бўлдики, Кувайт миллий кутубхонасида (National Library of Kuwait) Амир Темур ва унинг авлодлари ҳақида араб ва инглиз тилларидаги замонавий тадқиқотлар, Темурийлар даврида кўчирилган ёки ўша давр воқеалари баён этилган қўлёзма нусхалари мавжуд.
Жумладан, ушбу кутубхонада темурийлар даврига оид ноёб қўлёзмалар ва санъат асарлари каталогини ўз ичига олган, 1983 йил Лондонда нашр этилган “Ajam al-Islam fi al-Mathaf al-Watani al-Kuwayti” китоби бор.
Амир Темур ҳаёти ва Темурийлар тарихига оид асосий манбалардан бири саналган, 1936 йилда Лаҳорда чоп этилган “Tamerlane, or, Timur: the Great Amir” асари ҳам ушбу масканда сақланяпти.
Темурийлар сулоласи асосчиси ҳақидаги афсонавий биографиялар ва тарихий манбалар таҳлилига бағишланган, Рон Села томонидан 2011 йил Кембрижда нашр қилинган “The Legendary Biographies of Tamerlane” китоби ҳам тарихчиларда катта таассурот қолдирмоқда.
Кувайт миллий кутубхонасида сақланаётган, 2005 йил Лондонда чоп этилган Амир Темурнинг ҳарбий юришлари ва империяси ҳақидаги замонавий тадқиқот ҳақидаги Жастин Мароццининг “Tamerlane: Sword of Islam” номли асарини мутолаа қилиб, тарихда рўй берган воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар топиш мумкин.
Кувайтдаги кутубхоналарнинг аксарияти электрон каталог тизимига эга. Уларнинг веб-сайтлари орқали “Timur”, “Timurids” ёки арабча “تيمورلنك” сўзларини киритиб, китоблар рўйхатини масофадан туриб ҳам кўриш мумкин.
Кувайтдаги “Дорул-Асар ал-Исламия” ташкилотининг дунёга машҳур “Ал-Сабоҳ” коллекциясида Темурийлар уйғониш даври санъати, меъморчилиги ва миниатюраларига оид махсус нашрлар ва альбомлар мавжуд.
Шу билан бирга, Кувайт университети кутубхонасида Амир Темур даври бўйича илмий ишлар, Ибн Арабшоҳнинг Амир Темур ҳақидаги асарларнинг турли нашрлари мавжуд. Университетнинг catalog.ku.edu.kw сайти орқали китобларнинг рақамли базасидан фойдаланиш мумкин.
Кувайт университетининг гуманитар ва ижтимоий фанлар бўйича фондларида Темурийлар тарихига оид қатор тадқиқотлар сақланмоқда. Хусусан, 1998 йил Қоҳирада чоп этилган, Муҳаммад Саид муаллифлигидаги “Al-Imbraturiya al-Timuriya” (Темурийлар империяси тарихи), 1989 йил Кембрижда нашр қилинган “The Rise and Rule of Tamerlane” (Амир Темурнинг юксалиши ва бошқаруви), 1989 йил Лос-Анжелесда нашрдан чиққан “Timurid Art and Culture” (Темурийлар санъати ва маданияти) асарлари Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ал-мақдур фи навоиб Темур” (Темур тақдиридаги тақдир ажойиботлари) асари Кувайт университетида асосан араб тилидаги асл нусхалари ва илмий тадқиқотлар сифатида мавжуд.
Тариқ Ражаб хусусий музейи ва кутубхонасида темурийлар даврининг нафис санъатини ўрганувчи нодир нашрлар, темурийлар салтанатида хизмат қилган олимлар ва шоирларнинг асарлари мавжуд. Жумладан, музейи фонди ва кутубхонасида Султон Ҳусайн Бойқаро “Девони” (1500 йил, Ҳирот), Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си (1431–1432 йиллар), Иброҳим Султон Қуръони (1427 йил, Шероз), Абдулла Сайирафийнинг хаттотлик намуналари (XIV аср охири), Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” (1486 йил) китобларининг қадимий нусхалари сақланмоқда.
Шунингдек, Кувайтдаги “Дорул-Асар ал-Исламия” ташкилотининг “Ал-Сабоҳ” коллекциясида Темурийлар уйғониш даври санъати, меъморчилиги ва миниатюраларига оид ашёлар мавжуд. Бу ерда темурийлар ва ундан кейинги даврларга оид қимматбаҳо тошлар билан безатилган заргарлик буюмлари, қуроллар ва санъат асарлари бор.
Тариқ Ражаб хусусий музейида темурийлар даври санъати ва адабиётини акс эттирувчи ноёб қўлёзмалар ва миниатюралар, ушбу даврга оид нафис ишланган металл идишлар, қурол-яроғлар ва сопол буюмлар, темурий хаттотлар ва олимлар томонидан кўчирилган асарларни учратиш мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


