7 апрелдан Тошкент–Владивосток–Тошкент йўналишида янги авиақатнов йўлга қўйилади
Апрель 06, 2026. 15:49 • 2 дақ
• 117
ВЛАДИВОСТОК, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Владивосток шаҳридаги “Novotel” меҳмонхонасида “Centrum Air” авиакомпанияси ва Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг туризм имкониятларига бағишланган “Road show” тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Приморск ҳудудида фаолият юритувчи 25 дан ортиқ туристик компаниянинг 40 нафардан зиёд вакиллари иштирок этди.
“Road show” давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2025–2026 йилларга мўлжалланган туристлар оқимини ошириш бўйича ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон дипломатлари 2026 йилнинг январь–февраль ойларида Ўзбекистонга 1 миллион 770 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюргани ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ошганини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, Туризм қўмитаси вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, кўп асрлик анъаналари, туризм ва бизнес туризми салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилиб, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилаётган имкониятлар кенг ёритилди.
Учрашувда, “Centrum Air” авиакомпанияси вакили шу йил 7 апрелдан Тошкент–Владивосток–Тошкент йўналишида янги авиақатнов йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у ушбу авиақатнов йўналишида йўловчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, туроператорларга маъқул келадиган имкониятлар тўғрисида ҳам сўз юритди.
Тадбир якунда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, Ўзбекистон туризмига оид видеороликлар намойиш этилди ҳамда меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тортиқ қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси