Ўзбекистон ва Покистон онкология ва юрак-қон томир касалликларини даволаш учун юқори технологияли дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди
Апрель 06, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 50
ИСЛОМОБОД, 6 апрель. / “Дунё” АА /. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов, Покистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги элчиси, “The Searle Company Limited” компанияси директори Саид Надим Аҳмед ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган онлайн суҳбатда иштирокчилар икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва Ўзбекистон фармацевтика бозорининг юқори инвестициявий жозибадорлигини атрофлича муҳокама қилган.
Мулоқот жараёнида фармацевтика тармоғини тартибга солиш механизмлари, ҳуқуқий асослар ҳамда республикада хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилган қулай шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратилди.
Саид Надим Аҳмед Ўзбекистон фармацевтика сектори салоҳиятини юқори баҳолаб, бозор имкониятларини пухта ўрганиб чиққанини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда компания юрак-қон томир, онкологик ва метаболик касалликларни даволашга мўлжалланган янги авлод дори воситаларини ишлаб чиқарувчи юқори технологияли корхонани ишга тушириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Айни пайтда ишлаб чиқариш учун энг мақбул ҳудудни танлаш жараёни кетмоқда. Бунда Тошкент шаҳри Лаҳор ва Ар-Риёд билан бир қаторда устувор манзиллардан бири сифатида ўрганилмоқда. Шу билан бирга, халқаро консалтинг компаниялари лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш устида иш олиб боряпти.
Покистон вакили замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ўнлаб миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон вакилларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги лойиҳани амалга оширишнинг ҳар бир босқичида фаол амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув якунида мазкур инвестиция лойиҳасини бевосита Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида “The Searle Company Limited” компанияси делегациясининг Тошкентга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси