“Made in Uzbekistan” миллий бренди Лондонда тарғиб қилинди
Апрель 06, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 81
ЛОНДОН, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги томонидан “IFE London 2026” халқаро кўргазмасида миллий павильон намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“ExCeL London” кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтган мазкур кўргазма Европадаги озиқ-овқат ва ичимликлар соҳасидаги йирик кўргазмалардан бири бўлди. Унда 1,5 мингдан ортиқ компания ва 30 минг нафардан ортиқ соҳа мутахассиси иштирок этди.
Бу гал Ўзбекистон вакиллари кўргазманинг йирик экспозицияларидан бирига айланган “Made in Uzbekistan” миллий стендини тақдим этди. 190 квадрат метр майдонда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 30 га яқин маҳаллий компания ўз маҳсулотларини намойиш этди. Янги ва қуритилган мевалар, дуккакли экинлар, қандолат маҳсулотлари ва ичимлик сувлари ҳам тақдим этилди.
Павильон фаолияти доирасида хорижий харидорлар, дистрибьюторлар ва инвесторлар билан B2B форматида учрашувлар ўтказилди. Маҳсулотлар тақдимоти ва дегустатцияси ҳам ташкил этилди. Иштирокчиларга Британия бозорига кириш бўйича тавсиялар берилди.
Ушбу нуфузли кўргазмада қатнашиш ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва мамлакатнинг халқаро озиқ-овқат бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистондан Буюк Британияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти барқарор ўсишни намойиш этмоқда ва етказиб берилаётган товарлар турлари кенгайишда давом этмоқда.
Ўзбекистон дипломатларининг сўзларига кўра, умуман олганда, “IFE London”да иштирок этиш миллий экспорт брендини илгари суриш ва Европа давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Линда Блумфилд, “Fresh Produce Consortium” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери:
– Биз кўргазмада Ўзбекистоннинг кўплаб илғор ва янги маҳсулот ишлаб чиқарувчиларини кўришдан жуда мамнунмиз. Бу ерда кўплаб ажойиб маҳсулотлар тақдим этилган. Кейинги йилда Ўзбекистон икки баробар кўпроқ павильон билан иштирок этишни режалаштираётгани қувонарли. Биз ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва британиялик харидорлар ўртасида алоқа ўрнатишда ёрдам беришдан мамнунмиз. Биз келгусида ҳам ҳамкорликни мамнуният билан давом эттирамиз ва Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда ўзбек маҳсулотларини тарғиб қиламиз.
Жон Грегсон, “Regenified” компанияси бош директори:
– Ўзбекистон павильони юқори даражада ташкил этилган. Сизларда ҳақиқатан ҳам кучли ишлаб чиқарувчилар бор. Тақдим этилган маҳсулотларнинг сифати жуда юқори. Ўйлайманки, мамлакат катта салоҳиятга эга ва Британия бозори билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилса жиддий натижаларга эришиш мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси