Францияда Ўзбекистон маданиятига бағишланган “OuzhʼBreizh” фестивали бўлиб ўтди
Декабрь 01, 2025. 16:06 • 2 дақ
• 540
ПАРИЖ, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Франциянинг Ла-Шапель-Буэик шаҳрида “OuzhʼBreizh” маданиятлараро фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фестивалда ўзбек халқининг бой тарихи, ўзига хос маданияти, ҳунармандчилик намуналари ва мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тақдим этилди.
Жумладан, Бухородаги “Тарика” марказининг “40 Қиз” лойиҳаси қишлоқ ҳунарманд аёллари томонидан яратилган, тарихга бой ноёб сўзаналар ва сувенир маҳсулотлари тақдим этилди.
Анжуманда ўзбек ва бретон моделлари иштирокида мода дефилелари ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, тадбир доирасида бир қатор лойиҳалар юзасида ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этилди. Хусусан, Бретонь миллий либосларини реставрация қилиш ассоциацияси вакиллари Бухородаги музей экспонатларининг репликаларини яратишда “40 Қиз” лойиҳасига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўзбек ва бретон дизайнерларининг бирлашган кийим ва аксессуарлар тўпламини яратишга тайёрлигини маълум қилди.
“Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Ла-Шапель-Буэик мэри Роже Моразан шундай деди:
- Ла-Шапель-Буэик ва қўшни коммуналар аҳолиси Ўзбекистон вакилларини катта қизиқиш ва илиқлик билан қабул қилдилар, улар ўз истеъдод ва қобилиятларини ёрқин намойиш этдилар. Албатта, барчамиз ушбу учрашув ва маданий алмашинувдан қувондик, бу каби лойиҳаларни давом эттириш зарур. Айтишим мумкинки, ҳунармандчилик ва моданинг ажойиб намуналарини кўрганимиздан, Ўзбекистондан келган бу ажойиб инсонлар билан учрашганимиздан сўнг, Ла-Шапель-Буэик аҳолисида, шу жумладан менда ҳам, мамлакатингизга саёҳат қилиш истаги пайдо бўлди.
“OuzhʼBreizh” фестивали ташкилотчилари ва иштирокчиларининг фикрига кўра, Франциянинг Бретань минтақасида ўтказилган тадбир Ўзбекистон ва Франция халқлари ва минтақалари ўртасидаги маданиятлараро мулоқот ва ўзаро англашувни чуқурлаштиришга хизмат қилди, туризм, арт-резиденциялар ва ижтимоий ривожланиш соҳаларида янги лойиҳалар учун яхши пойдевор бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси