Logo

Ўзбекистон ва Қатар етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар

Март 04, 2026. 19:30 • 2 дақ

111
Ўзбекистон ва Қатар етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар

ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат давомида Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва зиддиятлар минтақавий барқарорлик ва тинчликка жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди. Муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ўртасидаги келишмовчиликни кучайтирадиган номақбул ҳаракатлардан чуқур хавотир ифода этилди.

Давлат суверенитети, тинчлиги ва осойишталигига хавф солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш минтақа давлатларининг умумий манфаатларига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Читайте также

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Қатарда бўлиб турган фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда яратилган шароит учун Амир Аъло Ҳазратларига чуқур миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида Қатар Амири ҳозирги синовли кунларда Ўзбекистон Президентига дўстона мулоқоти, доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётгани, билдирган самимий бирдамлик сўзлари, икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратаётган катта эътибори учун алоҳида ташаккур изҳор этди.

Сурат Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинди

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш