Ўзбекистон Президенти БАА Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Март 04, 2026. 17:41 • 2 дақ
• 91
ТОШКЕНТ, 4 март. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, томонлар охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасидаги вазият тобора кескинлашиб, низо ва зиддиятлар авж олаётгани қаттиқ ташвишга солаётганини қайд этди.
Муқаддас Рамазон ойида рўй бераётган бундай нохуш ҳолатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ҳамда тинчлик-осойишталикка таҳдид солаётган ҳар қандай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу мураккаб дамларда Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва яқин ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликлари Раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва якдил эканини билдирди.
Ҳозирда ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий кўмак, уларни Ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган чоралар учун алоҳида ташаккур изҳор этди.
Ўз навбатида Амирликлар етакчиси ушбу синовли дамларда Ўзбекистон Президентининг самимий қўллаб-қувватлагани, кўрсатаётган биродарлик ҳурмати ва ҳамжиҳатлик руҳи учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Сурат Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинди
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси