Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасидаги шерикликни кенгайтирмоқда

Февраль 11, 2026. 10:28 • 2 дақ

118
Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасидаги шерикликни кенгайтирмоқда

МУМБАЙ, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг «Concept Pharmaceuticals» фармацевтика компанияси директори Йужин Гупта билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги шерикликнинг асосий ва жадал ривожланаётган йўналишларидан бири бўлган фармацевтика соҳасидаги ўзаро томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилди.

Элчи Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари ҳамда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида батафсил маълумот берди.

Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, 2030 йилга бориб маҳаллий дори воситаларининг улушини 70 фоизга етказиш мақсад қилингани таъкидланди. Ушбу мақсадларга эришиш учун мамлакатда 8 та ихтисослаштирилган фармацевтика ЭИЗлари, жумладан, «Тошкент фарма парк», «Бойсун-фарм», «Зомин-фарм», «Паркент-фарм» ташкил этилган бўлиб, уларда хорижий инвесторлар учун барча зарур шароитлар, жумладан, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда соддалаштирилган рўйхатга олиш тартиби яратилган.

Шунингдек, нафақат ички бозорни тўлдириш, балки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларини хорижий бозорларга экспорт қилиш учун мавжуд қулай имкониятларга урғу берилди.

Йужин Гупта компания фаолияти ҳақида маълумот тақдим этди. Қайд этилишича, компания Ҳиндистондаги тўртта ишлаб чиқариш майдончасида юрак-қон томир, онкологик касалликлар, диабет ва бошқа хасталикларни даволаш учун 800 га яқин турдаги дори воситасини ишлаб чиқаради ва маҳсулотларини дунёнинг 45 мамлакатига экспорт қилади.

Ўзбекистон томони Ҳиндистон компаниясига мамлакатимиз ЭИЗларида қатор юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Жумладан, фармацевтика субстанциялари, онкологик дори воситалари, инфузион эритмалар, витаминлар, вакциналар ва қон фракцияларини ишлаб чиқариш, шунингдек, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш каби амалий лойиҳалар муҳокама қилинди.

Конструктив руҳда ўтган музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик салоҳиятини батафсил ўрганиш ва инвестиция лойиҳаларини аниқлаштириш учун «Concept Pharmaceuticals» компанияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш