Logo

Ўзбекистон ва Қирғизистон: Ҳудудлараро иқтисодий дипломатиянинг янги истиқболлари

Февраль 08, 2026. 14:20 • 2 дақ

56
Ўзбекистон ва Қирғизистон: Ҳудудлараро иқтисодий дипломатиянинг янги истиқболлари

ЎШ, 8 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан Қирғизистон Савдо-саноат палатаси Ўш вилоят бошқармаси раҳбари Канторо Турдубаев билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат давомида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, хусусан, минтақавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва транспорт логистикасида Эроннинг Бандар-Аббос ва Чоҳбаҳор портларидан альтернатив йўналиш сифатида фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, февраль ойида Наманганда ўтадиган “Central Asia Agrowomen – 2026” форуми ҳамда йил давомида Ўшда ташкил этиладиган халқаро ярмаркаларда ўзаро фаол иштирок этиш бўйича келишувларга эришилди.

Алоҳида таъкидландики, Қирғизистонда амалга оширилаётган “IT-City” ва “Osh City” каби йирик қурилиш лойиҳалари Ўзбекистоннинг қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари учун кенг имкониятлар яратмоқда. Мазкур объектлар Президент давлат дастурига киритилгани боис, уларга олиб кириладиган қурилиш маҳсулотлари учун божхона тўловларининг ноль ставкаси қўлланилиши ва ўзбекистонлик мутахассисларни қурилиш жараёнларига жалб этиш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Шу мақсадда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида “Учбулоқ” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилгани маълум қилинди.

Учрашув якунида Ўш шаҳрида Ўзбекистон қурилиш материаллари кўргазмасини ташкил этиш ва шоу-румини очиш бўйича келишувга эришилди. Икки томонлама савдодаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси делегациясининг ташрифини уюштириш ҳамда “Дўстлик” чегара-ўтиш пунктида қурилиш материаллари ташувчи транспорт воситалари учун алоҳида йўлак ташкил этиш масалаларини ўрганиб чиқиш таклиф этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш