“The Gulfobserver”: Чехия Ўзбекистоннинг Марказий Европадаги муҳим ҳамкорлардан бири
Апрель 29, 2026. 12:25 • 2 дақ
• 97
ИСЛОМОБОД, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи “The Gulfobserver” нашрида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) етакчи илмий ходими Мадина Қаюмова муаллифлигида Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва Чехия ўз муносабатларининг янги ривожланиш босқичини бошдан кечирмоқда. Бу ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида шаклланган мустаҳкам пойдеворга таянади. Шу давр мобайнида ўзбек–чех алоқалари протокол даражасидаги мулоқотлардан сиёсий, савдо, инвестициялар ва маданий-гуманитар алмашинувни қамраб олган тизимли ҳамкорликка айланди.
Бугунги кунда расмий Тошкентнинг Европа мамлакатлари билан алоқалари мустаҳкамланиб бораётган бир пайтда, Чехия Марказий Европадаги муҳим ҳамкорлардан бири сифатида ажралиб туради.
СМТИ мутахассиси фикрича, икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1993 йил 1 январда ўрнатилган. Сифат жиҳатидан янги босқич 2023 йилда ўрнатилди. Ўзаро Бош вазирлар даражасидаги ташрифлар натижасида “Кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисида”ги давлатлараро қўшма декларация қабул қилиниб, келгуси йиллар учун ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Шундан бери алоқалар фаоллиги пасайгани йўқ. 2024 йил октябрда Чехия ташқи ишлар вазири Тошкентга ташриф буюрди. 2025 йил сентябрда эса Президент Шавкат Мирзиёев ва Чехия Президенти Петр Павел БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида учрашди. Томонлар инвестициялар, транспорт, инновациялар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Бу давлатлараро мулоқотнинг амалий йўналишини яққол намоён этади.
Муҳим институционал қадам сифатида 2025 йил февралда Олий Мажлиснинг ҳар икки палатасида ўзбек–чех парламентлараро гуруҳлари ташкил этилди. Бундай тузилмалар парламентлар даражасида мулоқотнинг узлуксизлигини таъминлайди, қонунчилик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва шартнома-ҳуқуқий базани кенгайтириш учун шароит яратади.
Нашрда таъкидланишича, Чехия Ўзбекистоннинг Европа ҳамкорлик тизимидаги муҳим стратегик бўғинлардан бири сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Чехиянинг саноат салоҳияти ва Ўзбекистоннинг жадал ўсиб бораётган иқтисодиёти ўртасидаги уйғунлик нафақат товар алмашинуви, балки чуқур технологик интеграция ва ўн йилларга мўлжалланган йирик саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси