Logo

Анқарада турк ва ўзбек олимлари Темурийлар меросини таҳлил қилди

Апрель 29, 2026. 11:55 • 3 дақ

515
Анқарада турк ва ўзбек олимлари Темурийлар меросини таҳлил қилди
Анқарада турк ва ўзбек олимлари Темурийлар меросини таҳлил қилди
Анқарада турк ва ўзбек олимлари Темурийлар меросини таҳлил қилди
Анқарада турк ва ўзбек олимлари Темурийлар меросини таҳлил қилди

АНҚАРА, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Анқара шаҳрида буюк саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан илмий-амалий анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Адолат ва тараққиёт партияси, ТУРКСОЙ ҳамда Анқара Ижтимоий фанлар университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда Амир Темурнинг туркий тарихдаги ўрни, давлатчилик ва ҳарбий санъатдаги улкан ҳиссаси, илм-фан ва маърифатга бўлган юксак эътибори ҳақида сўз юритилди. Соҳибқироннинг фаолияти Иккинчи Ренессанснинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда Анқара Ижтимоий фанлар университети ректори Муса Казим Арижан Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

“Мустафо Камол Отатурк ҳавас қилган қўмондонлардан бири Амир Темур эди. 1922 йил 9 сентябрда Измир шаҳрининг озод этилиши муносабати билан ташкил этилган маросимда Отатурк Измирни озод қилишда етакчилик қилган аскарга Амир Темур қиличи ҳадия қилиб шундай деган: “Агар мен Темур даврида яшасам эди, эҳтимол, у қилган ишларни амалга ошира олмаган бўлардим. Лекин агар у менинг давримда бўлганида, у мендан кўра кўпроқ нарсага эришган бўлар эди”, дея фикр юритди Муса Казим Арижан.

Адолат ва тараққиёт партиясининг Туркий давлатлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Куршад Зорлунинг айтишича, Амир Темур Самарқанддан то узоқ минтақаларгача бўлган ҳудудда тамаддун барпо этган. Энг ёрқин жиҳатларидан бири – маданий меросни асраб-авайлади. Шаҳарларни янгидан қуриб, обод қилди. Самарқанд, Ҳирот, Бухоро каби тарихий шаҳарлар Амир Темурнинг маданий тасаввури натижасида юксалди ва бугунгача ўз салобатини сақлаб келмоқда.

Шунингдек, Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги доирасида Туркия Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида кўплаб вилоятларда “Темур ва Йилдирим” спектакли қўйила бошлангани, юзлаб кинозалларда “Темур – сўнгги фотиҳнинг юксалиши” киноси намойиш этилаётгани эътироф қилинди.

Анқара Ижтимоий фанлар университети декани Билол Чакижи модераторлигида тадбирнинг панель сессияси ўтказилиб, унда ўзбек ва турк олимлари ўз тақдимотлари билан қатнашди.

Жумладан, Фарғона давлат университети профессори Баҳриддин Усмонов “Темурийлар Ренессансининг шаклланишида Амир Темурнинг роли”, Бухоро давлат университети профессори Шадмон Хаитов “Келажак авлодлар учун намуна ўлароқ буюк давлат арбоби Амир Темур”, Анқара Ижтимоий фанлар университети профессори Ўғузҳан Дурмуш “Темурийлар давлатида туркий тил”, Анқара Ҳожи Байрам Валий университети профессори Месут Каракулакнинг “Турк дунёси ва Темурийлар Ренессанси даври: дунё тартибини қайта талқин қилиш” мавзуларида маъруза қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш