Мутахассислар БААнинг сунъий ёмғир ёғдириш соҳасидаги илғор тажрибасини Қорақалпоғистонда қўллаш имкониятларини ўрганмоқда
Февраль 13, 2026. 14:48 • 48 сония
• 146
АБУ-ДАБИ, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва БАА Миллий метеорология маркази директори Абдулла ал-Мандус ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат жараёнида Қорақалпоғистонда кузатилаётган қурғоқчилик оқибатларини камайтириш ва олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
БААнинг сунъий ёмғир чақириш технологияларини қўллаш бўйича илғор тажрибасини ўрганиш ва Қорақалпоғистон шароитини ҳисобга олган ҳолда жорий этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар сунъий ёғингарчилик ҳосил қилиш соҳасида амалий тажриба алмашиш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, икки томонлама ҳамкорлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашди. БАА Миллий метеорология маркази вакилларининг вазият билан бевосита танишиш учун Нукусга амалий ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида кўриб чиқилган масалаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун ҳар икки томондан масъуллар тайинланиб, келгусидаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
