Бағдод кўргазмасида миллий маҳсулотлар “Made in Uzbekistan” бренди остида намойиш қилинди
Февраль 03, 2026. 09:29 • 2 дақ
• 264БАҒДОД, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бизнес-делегацияси Ироққа ташрифи давомида “Baghdad International Fаir” 49-халқаро кўргазмасида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу йилги кўргазма “Келажак иқтисодиёти учун янги нигоҳ” шиори остида ўтказилди. Бағдод кўргазмасида Ўзбекистон илк бор фахрий меҳмон сифатида қатнашди.
Тадбирда Ироқ Савдо вазири Асир ал-Ғаририй, Ироқ Кўргазмалар ва тижорат хизматлари давлат компанияси бош директори Мустафо ал-Аний, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Ироқ Иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим ал-Бағдодий нутқ сўзлади.
Кўргазмада Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигидаги расмий делегация ва Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги тадбиркорлар фаол иштирок этди.
Бағдод халқаро кўргазмасида 200 га яқин тадбиркор “Made in Uzbekistan” миллий бренди остидаги павильонда ўз маҳсулотларини (озиқ-овқат ва текстиль маҳсулотлари, саноат товарлари, электротехника, фармацевтика ва заргарлик саноати, қурилиш моллари ва автомобиллар) намойиш этди.
Кўргазма доирасида “Ироқ–Ўзбекистон” бизнес-форуми, “B2B” (тадбиркорлар ўртасида) ва “B2G” (тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида) шаклида учрашувлар ўтказилди.
Бағдод кўргазмасида дунёнинг 36 та давлатидан келган компаниялар вакиллари иштирок этиб, қурилиш, технология, энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати каби соҳаларнинг энг сўнгги ютуқларини намойиш этди.
Ироқнинг яқин ҳамкорлари бўлган БАА, Саудия Арабистони, Туркия, Эрон, Иордания, Ливан, Қатар, Уммон ва Сурия компаниялари катта павильонлар билан қатнашмоқда.
Ҳиндистон ва Франция ҳам ўз миллий павильонлари билан, Япония ва Италия компаниялари эса ўз технологиялари билан, Жазоир ва бошқа араб давлатлари эса иқтисодий операторлари билан қатнашмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





