Logo

Ўзбекистон Президентининг Парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномаси турк тилида нашр қилинди

Январ 29, 2026. 09:35 • 3 дақ

243
Ўзбекистон Президентининг Парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномаси турк тилида нашр қилинди
Ўзбекистон Президентининг Парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномаси турк тилида нашр қилинди
Ўзбекистон Президентининг Парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномаси турк тилида нашр қилинди

АНҚАРА, 29 январь. /“Дунё” АА/. Шу йилнинг 28 январь куни мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан Туркиянинг “Anadolu Group” компанияси кўмагида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатноманинг турк тилидаги нашри ҳамда “Ўзбекистон – сеҳрли диёр” номли фотоальбом ва фотокўргазма тақдимоти ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Туркия жамоатчилиги, экспертлар, академик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, ишбилармон доиралар учун замонавий Ўзбекистон тараққиётининг асосий устувор йўналишларини тақдим этиш учун муҳим майдонга айланди. Иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг стратегик йўналишлари, очиқлик, прагматизм ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ташқи сиёсий ёндашувларнинг яхлит манзараси тақдим этилди.

Мурожаатнома нафақат ички характердаги дастурий ҳужжат, балки хорижий ҳамкорлар учун Ўзбекистондаги янгиланишлар мантиғи ва узоқ муддатли тараққиёт истиқболини чуқурроқ англаш имконини берувчи муҳим манба экани алоҳида таъкидланди.

ЎзбекистонТуркия муносабатлари учун бундай тадбирнинг ўтказилиши сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Мурожаатноманинг турк тилида тақдим этилиши Тошкентнинг ислоҳотчилик кун тартибини янада аниқ ва мазмунли идрок этишга ёрдам беради ҳамда келгусидаги гуманитар ва ишбилармонлик ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Иштирокчилар Ўзбекистонга салмоқли иқтисодий, инвестициявий ва транзит салоҳиятига, минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим ўринга эга бўлган ишончли ҳамкор сифатида кўрилаётганини таъкидлади.

Тадбир мамлакатнинг асосий интеллектуал ва маданий марказларидан бири бўлган “Millet Kütüphanesi” Туркия Президенти Миллий кутубхонасида ўтказилгани унга алоҳида рамзий маъно бағишлади. “Millet Kütüphanesi” Туркиянинг замонавий гуманитар ва стратегик кун тартиби шаклланадиган, концептуал асарлар тақдимоти ва халқаро илмий-маданий тадбирлар ўтказиладиган макондир.

Миллий кутубхона (Millet Kütüphanesi) Туркиянинг интеллектуал ва таълим марказини шакллантириш бўйича инфратузилмавий ва маданий лойиҳанинг бир қисми сифатида яратилган Туркиядаги энг йирик замонавий кутубхонадир. Кутубхона 2016 йилда Туркия ҳукумати ташаббуси билан бошланган кенг кўламли ташаббус доирасида ташкил этилган ва 2020 йилда расман ўз эшикларини очган.

Айнан ушбу майдоннинг танланиши Туркияда Ўзбекистонга қаратилаётган юксак эътиборни, унинг аниқ стратегик қарашга эга, минтақавий ва халқаро жараёнларда роли ортиб бораётган давлат сифатида эътироф этилишини таъкидлайди.

Мурожаатнома айнан турк тилида тақдим этилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу Ўзбекистон тараққиётининг асосий ғоялари ва устувор йўналишларини турк аудиториясига тўғридан-тўғри, лисоний ва семантик тўсиқларсиз етказиш имконини берди. Тадбир иштирокчилари бундай ёндашув ҳамкорга ҳурмат ифодаси ҳамда жамоатчилик ва маданий дипломатиянинг муҳим элементи эканини таъкидлади.

Учрашувда сўнгги йилларда ЎзбекистонТуркия муносабатлари барқарор ижобий динамикани намойиш этаётгани таъкидланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаол ривожланмоқда, саноат кооперацияси кенгаймоқда. Тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, энергетика, транспорт ва логистика, кичик ва ўрта бизнес соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Туркия Ўзбекистоннинг етакчи савдо ва инвестициявий шериклари қаторида барқарор ўрин эгаллаб келмоқда. Республикада Туркия капитали иштирокидаги корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда, таълим, инновациялар ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Гуманитар ҳамкорлик маданий алмашинувлар, университетлар, илмий марказлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама кун тартибида муҳим ўрин тутади. Бу ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва жамоатчилик алоқаларини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Тақдимотда сўзга чиққан дипломатик корпус ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари Мурожаатнома Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга қаратилган ислоҳотларнинг тизимли ва изчил хусусиятини акс эттиришини таъкидлади.

Турк таҳлилчиларининг фикрича, Мурожаатноманинг турк тилида нашр этилиши экспертлик ва жамоатчилик дипломатиясини ривожлантиришда муҳим қадамдир.

“Anadolu Group” кўмагида “Ўзбекистон сеҳрли диёр” китоб-фотоальбоми ва кўргазмаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Фотокўргазма ва фотоальбом замонавий Ўзбекистоннинг маданий бойлиги, сайёҳлик салоҳияти ва жадал ўзгаришларини визуал тасвирлар орқали намойиш этиш имконини берувчи “юмшоқ куч”нинг самарали воситаси сифатида тавсифланган. Ўзбекистон энг яхши рангларда тақдим этилган бўлиб, ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг бутун гўзаллигини ҳис қила олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш