Logo

Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрель – Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилинди

Апрель 29, 2026. 10:25 • 4 дақ

214
Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрель – Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилинди

ТОШКЕНТ, 29 апрель. /“Дунё” АА/. БМТ Бош котибининг табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича махсус вакили Камал Кишор “Дунё” АА мухбирига 29 апрель – Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни муносабати билан интервью берди.

2025 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрель – Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилинди. БМТ нега айнан Ўзбекистонда ушбу кунга бағишланган тадбирни ўтказишни маъқуллади ва бу сана дунё учун қандай аҳамиятга эга?

– Саволингиз учун раҳмат. Аввало, ушбу ташаббусни илгари сурган Ўзбекистон раҳбариятини алоҳида эътироф этмоқчиман. 29 апрелни халқаро хотира куни сифатида белгилаш жуда муҳим қадам.

Зилзилалар – инсоният учун энг хавфли табиий офатлардан бири. Ҳар ўн йилда юз минглаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда. Масалан, сўнгги йилларда Туркия ва Суриядаги кучли зилзилалар 60 мингдан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Шунингдек, Афғонистон, Мьянма ва Филиппинларда ҳам жиддий зилзилалар кузатилган. Бугунги кунда дунё бўйлаб 800 миллиондан ортиқ одам сейсмик хавф юқори бўлган ҳудудларда яшайди.

Шу сабабли, бу халқаро кун жуда муҳим – у одамларни зилзила хавфи ҳақида хабардор қилади ва жамиятни тайёргарликка ундайди. Чунки зилзила кам содир бўлгани учун кўпинча унутилган хавфга айланади. Ўзбекистон ташаббуси эса буни доим ёдда сақлашга ёрдам беради.

Бу борада учта асосий йўналиш бор:

Биринчидан, аҳолининг хабардорлигини ошириш керак. Мактаблар, шифохоналар, маҳаллалар – ҳамма зилзила пайтида қандай ҳаракат қилишни билиши шарт. Масалан, оддий “эгил – яширин – ушлаб тур” қоидаси кенг тарғиб қилиниши керак. Шунингдек, ҳар бир хонадон фавқулодда ҳолатларга тайёр бўлиши муҳим.

Иккинчидан, мавжуд хавфларни камайтириш лозим. Масалан, биноларни мустаҳкамлаш, уй жиҳозларини деворга маҳкамлаш каби оддий чоралар ҳам инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Учинчидан, янги қурилаётган барча бинолар – уй-жойлар, мактаблар, шифохоналар ва бошқа иншоотлар – зилзилабардош стандартлар асосида қурилиши шарт. Чунки кўп ҳолларда одамлар зилзиланинг ўзи эмас, балки сифатсиз бинолар туфайли ҳалок бўлади.

Шунингдек, 29 апрель санасининг ўзи ҳам рамзий аҳамиятга эга. Чунки 1966 йил айнан шу кунларда Тошкентда кучли зилзила бўлган. Бу тарихий воқеа бу ташаббусга янада чуқур маъно беради.

– Марказий Осиё давлатлари Фавқулодда вазиятлар вазирлари ўртасида қўшма баённома имзоланиши режалаштирилган. Сизнингча, сейсмик фаол ҳудудда жойлашган Марказий Осиё минтақаси учун офатлар хавфини камайтиришда бундай трансчегаравий ҳамкорлик қанчалик муҳим ва БМТ бу жараённи қандай қўллаб-қувватлайди?

– Бу жуда муҳим. Чунки табиий офатлар чегара танламайди. Зилзила, сув тошқини, иссиқ тўлқинлари ёки чанг бўронлари бир давлатда бошланиб, бошқасига ҳам таъсир қилади.

Масалан, Туркиядаги зилзила Сурияга ҳам катта зарар етказган. Шунинг учун давлатлар биргаликда ишлаши, тажриба алмашиши ва умумий режалар тузиши керак.

Айрим ҳолларда эса бир давлатнинг ўзи етарли чора кўра олмайди. Масалан, трансчегаравий дарёларда тошқинни башорат қилиш учун бир нечта давлатдан маълумот керак бўлади.

Ўзбекистон бу йўналишда етакчилик қилмоқда. 2021 йилда Тошкентда Марказий Осиё учун табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича илк минтақавий стратегия қабул қилинган. Бугунги ташаббуслар шу ишларнинг давомидир.

– Сейсмик хавфсизликни таъминлашда илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар тақдимоти муҳим аҳамиятга эга. БМТ нигоҳида зилзилаларга бардошли шаҳарлар барпо этиш ва аҳолининг сейсмик маданиятини оширишда энг самарали деб топилган глобал ечимлар нималардан иборат?

– Бунинг учун учта асосий омил муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, илмий асосланган қурилиш меъёрлари бўлиши керак. Ҳар бир ҳудуднинг сейсмик ҳолатига қараб, махсус талаблар жорий этилиши лозим. Энг муҳими – бу қоидалар амалда тўлиқ бажарилиши шарт.

Иккинчидан, аҳоли яхши хабардор бўлиши керак. Ҳар бир инсон зилзила пайтида нима қилишни билиши зарур.

Учинчидан, барча даражадаги бошқарув органлари миллий, ҳудудий ва маҳаллий ўзаро ҳамкорликда ишлаши керак. Фақат биргаликда ҳаракат қилинса, самарали натижага эришиш мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш