Ўзбекистон элчихонаси Анқарадаги ватандошлар учун ифторлик ташкил этди
Март 05, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 253
АНҚАРА, 5 март. /“Дунё” АА/. Анқара шаҳрининг Чанқай туманидаги Туркия касаба уюшмалари конфедерацияси (Тüрк-İş) биносида Ўзбекистон элчихонаси томонидан ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда элчихона дипломатлари, Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, Тüрк-İş раиси Эргюн Аталай бошчилигидаги уюшма вакиллари иштирок этди. Тадбирни ёритиш учун маҳаллий “TRT AVAZ” ахборот агентлиги ходимлари ташриф буюрди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили, имом-хатиб ўз нутқида инсонларни эзгу амаллар, меҳр-мурувват, саховатга чорловчи, ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи муборак Рамазон ойининг маънавий аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Ёшлар тарбияси, уларни бузғунчи ғоялардан асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, имом-хатиб бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли учун яратилаётган имкониятларга тўхталиб ўтди.
Эргюн Аталай тадбир юқори даражада ташкил этилганини таъкидлаб, Рамазон ойида ватанидан узоқда бўлган ўзбекистонлик талабалар давлат эътиборида эканини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, бундай учрашувлар ватан ва оила соғинчини бироз юмшатишга ёрдам беради.
Элчихона вакиллари ўз чиқишларида хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Ифторликда иштирокчилар Ўзбекистонда ва бутун ислом оламида тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик бўлишини тилаб дуолар қилди.
Тадбир якунида меҳмонлар Ўзбекистон ҳукуматига хориждаги ватандошларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси