Logo

Россиянинг Краснодар шаҳрида ватандошларимизни қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди

Март 04, 2026. 09:17 • 2 дақ

81
Россиянинг Краснодар шаҳрида ватандошларимизни қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди

КРАСНОДАР, 4 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги бош консули Бурхан Аликулов Краснодарга хизмат сафари доирасида Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу шаҳардаги ваколатхонаси раҳбари Ольга Шалимова билан кўришди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Дипломатлар мулоқот давомида фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Ўзбекистон консули Краснодар ўлкасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва турли мақсадларда бўлиб турган ҳамюртларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Суҳбат давомида Краснодар ва Сочи шаҳарларида меҳнат қилаётган ватандошларнинг мурожаатларига асосан, Россия чегара хизмати ходимлари томонидан чегарадан ўтиш вақтида қонун нормаларига риоя қилинмаётгани, ҳудудга киришга асоссиз чекловларнинг қўйилиши ёки узоқ муддат фуқароларни ушлаб туриш билан боғлиқ эътирозлар билдирилди.

Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларида ушлаб турилган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш жараёнларини тезлаштириш масаласида ҳам фикр-мулоҳаза алмашилди. Бу борада Бош консулхонага кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани, ҳамюртларимиз қонунда кўрсатилган муддатлардан ортиқ ушлаб турилаётгани маълум қилинди ва барча ҳолатлар юзасидан аниқ маълумотлар тақдим қилинди.

Читайте также

Россия томони ушбу ҳолатларни ўрганиб чиқишини маълум қилиб, Ўзбекистон фуқароларини ҳудудда қонуний бўлиб туриши ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмаклашишга тайёрлигини қўшимча қилди.

Учрашув давомида ҳудудлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун етарлича имконият мавжудлиги таъкидланди. Ўз навбатида, Россия томони ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари тўғрисида маълумот бериб, ўлка асосан туризм, қурилиш ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашганини қайд этди.

Томонлар Сирдарё ва Андижон вилоятлари Краснодар ўлкаси билан ҳамкорлик битимларини имзолагани ва унинг асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасини амалга ошириш мақсадида бизнес делегацияларнинг ўзаро ташрифини амалга оширишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш