“The Art Newspaper”: Ўзбекистоннинг бир чекка ҳудудида ҳайратланарли хазина жойлашган
Декабрь 24, 2025. 18:46 • 2 дақ
• 149
ЛОНДОН, 27 декабрь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг нуфузли “The Art Newspaper” нашрида “Ўзбекистон чўлларида бир пайтлар тақиқланган санъат асарлари тўпланган музей гуркираб ривожланмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидан бирида ҳайратланарли хазина жойлашган. Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи ХХ аср ўрталарига оид 100 мингга яқин санъат асарини сақлайди. Жумладан, бу ерда полотнолар, гравюралар, қишлоқ ҳаёти тасвирланган чизмалар, минг йиллар давомида қадимий Ипак йўли карвонлари, сайёҳлар ва савдогарлар кесиб ўтган кенг ўлканинг халқ амалий санъати ва тўқимачилик намуналари мавжуд”, - деб ёзган муаллиф.
Нашрда қайд этилишича, музейга санъатни жонидан ортиқ севган совет амалдори Игорь Савицкий томонидан асос солинган. У Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудида яшаб, Россия ва Марказий Осиёдан замонавий ва ғайриоддий санъат намуналарини тўплаган. Бу хавфли бўлишига қарамай, Савицкий маҳаллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаб қолиш баҳонаси билан 1917 йилги инқилобдан кейинги йилларда яратилган жуда кўп тақиқланган асарларни йиғишга муваффақ бўлган.
“Бу йил Нукус музейи мамлакат ичкарисида ҳам, хорижда ҳам ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қозонди. 2024 йилда Флоренция ва Венециядаги кўргазмалардан сўнг, музей италиялик олимлар ва йил бошида тайинланган янги директор — Гулбаҳор Изентаева томонидан тўлиқ қайта ташкил этилди. Венециядаги Ка Фоскари университети санъат тарихи профессори Сильвия Буринининг сўзларига кўра, ҳозирда бу муассаса Марказий Осиёдаги ХХ аср санъатининг энг муҳим ва замонавий музейи ҳисобланади”, - деб таъкидланган материалда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси