Хитойда “Visit Uzbekistan” журналининг махсус сони чоп этилди
Декабрь 26, 2025. 09:00 • 2 дақ
• 166ПЕКИН, 26 декабрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Хитойда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга ташриф буюрувчи хитойлик сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида “Visit Uzbekistan” журналининг хитой тилидаги махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур журнал саҳифаларидан Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати, мамлакатимизнинг бой маданий ва туризм салоҳияти, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлари, сайёҳлик марказлари, миллий анъана ва урф-одатлари ҳамда янги туризм йўналишлари ҳақидаги мақолалар жой олган.
Мамлакатимизга ташриф буюриш истагида бўлган хитойлик сайёҳлар журнал орқали Ўзбекистоннинг муҳим саналари, виза сиёсати, мулоқот учун зарур бўлган ўзбекча сўз ва иборалар, диққатга сазовор жойлари, миллий таомлари ва бошқа шу каби муҳим маълумотларни олиш имконига эга бўлади.
Журнал Хитойда ўтказилаётган маданий ва туризм тадбирларида кенг фойдаланилади ҳамда Хитойнинг вазирлик ва идоралари, етакчи блогер ва ОАВлари ўртасида тарқатилади.
“Visit Uzbekistan” журнали Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар ва ишбилармон учун мамлакатимизнинг маданияти, тарихи, санъати, гастрономияси ва долзарб воқеалар ҳақидаги маълумотларни тақдим этувчи нашрдир. Журналнинг 50 дан ортиқ сони 14 тилда Берлин, Деҳли, Лондон, Мадрид, Москва, Париж, Пекин, Сингапур, Сеул ва Токио каби шаҳарларда чоп этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




