Logo

“PITER NEWS 24”: Ўзбекистон етакчисининг Евроосиё форматларидаги иштироки рус аудиториясида катта қизиқиш уйғотди

Декабрь 24, 2025. 19:23 • 3 дақ

252
“PITER NEWS 24”: Ўзбекистон етакчисининг Евроосиё форматларидаги иштироки рус аудиториясида катта қизиқиш уйғотди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 25 декабрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли “PITER NEWS 24” нашрида Ўзбекистон етакчисининг шу йил 21­–22 декабрь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида кузатувчи давлат мақомидаги иштироки ҳамда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу материалда "Russia News" нашри бош муҳаррири Екатерина Надольскаянинг Ўзбекистоннинг бош телеканали – “Uzbekistan 24”га берган интервьюси ҳақида гап кетади.

­­ – Ўзбекистон Президенти мунтазам равишда Санкт-Петербургга ташриф буюрмоқда ва бу рамзий маънога эга. Айнан Шимолий пойтахт постсовет ҳудуди етакчиларининг асосий учрашув майдонига айланмоқда, – деди Екатерина Надольская. – 2021 йил декабрь ойи охирида Шавкат Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг Санкт-Петербургдаги норасмий учрашувида иштирок этди, 2022 йил октябрь ойида эса ҳудди шундай учрашувда иштирок этиш учун яна Нева шаҳрига келди. Санкт-Петербург учрашувларининг бундай мунтазамлиги шаҳарнинг ўзига хос мақоми, етакчилар ўртасидаги норасмий мулоқот форматини ифодалайди.

Интервьюда таъкидланишича, минтақанинг бошқа етакчилари билан таққослаганда, Мирзиёевнинг кўп томонлама дипломатиядаги фаоллиги ҳайратланарли. У барча тузилмаларнинг тўлақонли аъзоси бўлмаган ҳолда бир вақтнинг ўзида бир нечта интеграция форматларида иштирок этаётган кам сонли президентлардан биридир.

Журналист Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан ҳамкорлиги эволюциясини батафсил кўриб чиқиб, республиканинг кенгашда кузатувчи сифатидаги алоҳида мақомига эътибор қаратди.

Асосий учрашувлар ўтказиладиган жой сифатида Санкт-Петербург танлангани бежиз эмас. Нева шаҳри тарихан Россиянинг Европага деразаси бўлиб хизмат қилган, аммо бир вақтнинг ўзида Шарқни ўрганиш маркази ҳам бўлган. Айнан шу ерда Марказий Осиёни ўрганиш мактабини яратган таниқли шарқшунослар ишлаган. Рус файласуфи Иван Ильин Россияни халқларни бирлаштирувчи воситачи сифатида тасвирлаган.

Материалда баён этилишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар тарихи асрларга бориб тақалади. Бир пайтлар Самарқанд ва Бухоро орқали Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк Ипак йўли ўтган. Россия империясида Туркистон ўлкаси Евроосиё маконининг муҳим қисмига айланди. Петербургда Марказий Осиё ҳақида илмий асарлар яратилди, минтақа тиллари ва маданияти ўрганилди. Бугунги кунда ушбу тарихий алоқалар замонавий интеграция форматларида янгича жарангламоқда.

­ – 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити алоҳида аҳамиятга эга воқеа бўлди, – дейди Надольская интервьюда. – Владимир Путин Ўзбекистонга ташриф буюрди ва саммит доирасида икки давлат раҳбарлари Россия ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолади. Бу икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Ўшанда Владимир Путин Шавкат Мирзиёевга Россиянинг юксак давлат мукофоти - Александр Невский орденини топширган эди. Бу Ўзбекистон Президентининг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасининг эътирофи бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш