Logo

Ўзбекистон Ҳиндистон экранларини забт этмоқда: қадимий шаҳарлар меҳмонларни чорламоқда

Январ 11, 2026. 09:15 • 2 дақ

163
Ўзбекистон Ҳиндистон экранларини забт этмоқда: қадимий шаҳарлар меҳмонларни чорламоқда

ДEҲЛИ, 11 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон қадимий меъморчилик обидаларининг мафтункор манзаралари, ранг-баранг бозорлар, кўркам шаҳарларнинг меҳмондўст кўчалари — энди буларнинг барчасини Ҳиндистон мегаполислари кўчаларидаги LED-экранларда томоша қилиш мумкин, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ахборот кампанияси доирасида Деҳли, Мумбай ва Гургаон шаҳарларининг марказий майдонлари, бизнес ва савдо марказлари ҳамда гавжум кўчаларида январь ойи давомида қуёшли Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга чорловчи тарғибот марафони бўлиб ўтмоқда.

Икки томонлама серқирра алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳафтасига 17 марта амалга оширилаётган авиақатновлар Тошкент, Деҳли, Мумбай шаҳарлари ва Гоа штати ўртасидаги парвозларни қамраб олган.

Ўзбекистон бугун ҳинд сайёҳлари учун оммабоп ва қулай йўналишлардан бирига айланиб улгурди.

2025 йилда кенг кўламли тақдимот кампанияси нафақат пойтахтни, балки Мумбай, Колката, Бангалор, Ҳайдаробод ва бошқа шаҳарларни, шунингдек, машҳур дам олиш маскани бўлган Гоа штатини ҳам қамраб олди.

Дипломатик миссия томонидан ўтказилган «роуд-шоу», семинар ва учрашувларда Ўзбекистон туризм соҳасида тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда яратилаётган замонавий инфратузилма, юқори даражага кўтарилаётган хизмат турлари ва хорижий меҳмонлар учун тақдим этилаётган янги ноёб йўналишлар алоҳида қайд этилди.

Бугунги кунда Ҳиндистон аҳолиси ва меҳмонлари томонидан томоша қилинаётган видеороликлар ўз самарасини бермоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Буюк ипак йўлининг бошқа дурдоналарига бўлган қизиқиш жадал суръатлар билан ортиб бормоқда. Натижа эса яққол кўзга ташланмоқда — биргина ўтган йилнинг ўзида 80 мингдан ортиқ ҳинд сайёҳи меҳмондўст ва бетакрор Ўзбекистонни ўзлари учун кашф этди. Янги йилда ушбу кўрсаткичнинг салмоғи янада ошади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш