Logo

Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик логистика марказларидан бири қурилади

Март 05, 2026. 17:40 • 2 дақ

88
Тошкентда Марказий Осиёдаги энг йирик логистика марказларидан бири қурилади

ОСТОНА, 5 март. /“Дунё” АА/. Тошкентда Кўп тармоқли замонавий логистика маркази (МСЦЛ) қурилишининг биринчи босқичи бўйича EPC-контракт имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“tengrinews.kz”га кўра, мазкур лойиҳа Марказий Осиёдаги энг йирик хусусий инфратузилма объектларидан бири бўлиши кутилмоқда. Шартнома “Silkway CA” қўшма корхонаси ҳамда Хитойнинг “China Railway Construction Engineering Group” (CRCEG) компанияси ўртасида тузилди.

Лойиҳанинг биринчи босқичи учун 84 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилади. Умумий майдони 159,4 гектарни ташкил этувчи марказ Тошкент вилоятида жойлашади. Қурилиш ишларини 2030 йилгача тўлиқ якунлаш, биринчи босқичини эса 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

“Silkway CA” бош директори Данияр Тиесовнинг таъкидлашича, ушбу хаб минтақанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва темир йўл орқали контейнер ташувлари улушини камида икки бараварга кўпайтиришга хизмат қилади. Янги логистика маркази Қозоғистоннинг “PTC Holding” компанияси инфратузилмасини тўлдириб, Хитой чегарасидаги “Достык ТрансТерминал” ва Грузиядаги “Поти ТрансТерминал” мультимодал терминали билан ягона занжирни ташкил этади.

Мазкур лойиҳа Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу марказ қурилишига расман старт берган эдилар. Лойиҳа оператори сифатида “PTC Holding” ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ иштирокидаги “Silkway CA” корхонаси фаолият юритмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш