Logo

Туркия ОАВ Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказини зиёрат қилишга чорламоқда

Март 05, 2026. 15:28 • 3 дақ

76
Туркия ОАВ Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказини зиёрат қилишга чорламоқда

КОНЬЯ, 5 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз пойтахтидаги улуғвор маскан – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида турк ОАВ кўплаб мақолалар чоп этилмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Жумладан, “Янги Конья” (“Yeni Konya”) газетасида “Тошкентдаги улуғвор мажмуа: Ислом цивилизацияси маркази” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистонда илмий-маърифий, тарихий-маданий ва фан-технология жабҳаларидаги юксалиш, ислоҳотлар, инвестициялар бобидаги лойиҳалар жадал давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ва юқори мартабали давлат амалдорларининг илмий ва маданий тажрибалари, миллий-маънавий тасаввурлари ва келажакка доир узоқни кўра олишлари кўплаб лойиҳаларда яққол кўриниб турибди.

Ана шундай йирик ташаббуслардан бири ­– март ойи охирида очилиши режалаштирилган Ислом цивилизацияси маркази ноёб ва муаззам лойиҳа бўлиб, чинакам улуғвор иншоот ва санъат асари ҳисобланади. Ўзбекистонда бир жиҳатдан мавжуд бой маданий мерос – тарихий ёдгорликлар асраб-авайланиб, таъмирланаётгани ҳолда, иккинчи томондан қадимий меъморчиликка мос услубда янги ва улуғвор биноларнинг қурилиши ва қад ростлаши диққатга сазовордир.

Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидан кейин қадимий меъморчиликка анъаналари билан уйғун равишда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ўтмишдан ҳозирги кунгача бўлган воқеа ва ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилувчи, ўзбек халқининг келажакка доир уфқларидан дарак берувчи улуғвор маскан сифатида намоён бўлади. Марказнинг ички ва ташқи меъморий тузилиши қаторида, унда акс этган теран маъно-мазмун зиёратчини ҳайратга солади.

Марказнинг пойдевори 2018 йил Рамазон ойида қўйилган эди. Президент Шавкат Мирзиёев ўша пайтда Ислом цивилизацияси маркази Рамазон ойида қурила бошлангани катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаганди.

Материалда таъкидланишича, ушбу муҳташам марказ 2026 йил Рамазон ҳайити арафасида очилиб, ҳайит кунлари илк зиёратчиларини қабул қилади. Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс даврининг ноёб дурдонаси бўлган ушбу марказ, ўтмишдаги цивилизациялар, ислом тамаддунини юксак нафосат ва юқори технологиялар билан намойиш этувчи бир қанча бўлимларга эга.

Ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформаларда нашр этилган марказга оид расмлардан англаш мумкинки, бу ер – кўргазмалар майдончаси, музей, тадқиқот бўлимлари, йирик кутубхона ва қўлёзмалар хазинасини ўзида жам этган мукаммал мажмуадир. Марказ ҳақидаги бир нутқида Президент Шавкат Мирзиёев шундай деганди: “Ушбу марказни ташкил этишдан мақсад ислом илмларини тўғри ўрганиш ва аждодларимизнинг буюк меросини ҳам халқимизга, ҳам жаҳон ҳамжамиятига етказишдир”.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, узунлиги 161 метр, эни 118 метр ва баландлиги уч қаватли бўлган марказ анъанавий меъморий анъаналарни миллий нақш санъати билан уйғунлаштирган дизайн концепцияси асосида қурилган. Марказнинг тўрт томонида 34 метр баландликдаги аркадалар ва марказида 65 метр баландликдаги улуғвор гумбаз мавжуд.

Марказ ўртасида Қуръони карим зали жойлашган бўлиб, унда мусулмон дунёсининг энг нодир маънавий хазиналаридан бири: ҳазрати Усмон Мусҳафи, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмийлар ва Темурийлар даврларига оид Қуръони карим нусхалари, Қуръоннинг Чиғатой тилидаги таржималари ва қўлёзмаларининг ноёб намуналари сақланади.

Ислом цивилизацияси марказининг барпо қилинишида илмий, меъморий ва маданий жиҳатдан 40 дан ортиқ мамлакатдан 1500 нафардан ортиқ мутахассислар ўз ҳисса қўшди. Мазкур улуғвор манзил сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда эришилган илмий ва маданий муваффақиятларни мукаммал даражада акс эттиради. Тошкентга ташриф буюрувчиларга бу ерни албатта зиёрат қилишларини тавсия қиламиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш