Ўзбекистондаги ислоҳотлар самарадорлиги Жанубий Корея ОАВ нигоҳида
Март 05, 2026. 18:06 • 2 дақ
• 77СЕУЛ, 5 март. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “UN Journal” ва “AJU Press” нашрларида Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи ва халқаро фаоллигига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“UN Journal” эълон қилган мақолада Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ишбилармонлик муҳитига бағишланган тадқиқоти натижалари таҳлил қилинади. Ўтказилган тадбиркор орасидаги сўровномада мамлакат ишбилармонлар фаоллигининг ошгани, шунингдек, инвестициялар ва маҳсулотларга бўлган талаб бўйича ижобий кутилмалар шаклланаётганини кўрсатади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бизнес муҳитининг яхшиланиб бораётгани янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда ҳамда Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодий мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Шу билан бирга, солиққа тортиш тизими, кредит ресурсларига кириш имконияти ва инфратузилма харажатлари билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Шу боис ушбу соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мақолада, шунингдек, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган. Қайд этилишича, бундай ёндашув корхоналарни рўйхатдан ўтказиш жараёнларини тезлаштириш, солиқ ҳисоботларини соддалаштириш ҳамда иқтисодий битимларнинг шаффофлигини оширишга хизмат қилади. Замонавий технологияларнинг бизнес муҳитига интеграцияси стартаплар ва кичик бизнес учун янги имкониятлар яратиб, уларнинг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини оширишга туртки бермоқда.
“Ajou Press” нашрида эълон қилинган бошқа бир мақолада эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи ҳақида сўз юритилади. Ташриф доирасида давлат раҳбари Халқаро тинчлик кенгашининг илк йиғилишида иштирок этиб, АҚШ билан қатор муҳим келишувларни имзолагани қайд этилган. Мақолада таъкидланишича, стратегик шериклик нафақат гуманитар ташаббусларни, балки иқтисодий лойиҳаларни ҳам қамраб олиб, қўшма инвестицияларни кенгайтириш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мақоланинг иқтисодий қисмида ташриф дастури доирасида авиация, тоғ-кон саноати, кимё саноати, энергетика ҳамда инновациялар соҳаларида умумий қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган шартномалар ва лойиҳалар кўриб чиқилгани қайд этилади. Ушбу ташриф Америка компаниялари билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда юқори технологияли тармоқларни модернизация қилиш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

