Logo

Минскдаги ярмаркада ўзбек миллий стендига катта қизиқиш билдирилди

Апрель 14, 2026. 15:17 • 2 дақ

149
Минскдаги ярмаркада ўзбек миллий стендига катта қизиқиш билдирилди
Минскдаги ярмаркада ўзбек миллий стендига катта қизиқиш билдирилди
Минскдаги ярмаркада ўзбек миллий стендига катта қизиқиш билдирилди

МИНСК, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Беларусдаги “БЕЛЭКСПО” халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтган “Дам олиш – 2026” халқаро туризм хизматлари ярмаркасида Ўзбекистон вакиллари ҳам фаол иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси, “Okstours” сайёҳлик компанияси вакиллари ҳамда соҳа тадбиркорлари қатнашди. Элчихона кўмагида мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган миллий стенд ташкил этилди.

Миллий стендда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, замонавий туризм инфратузилмаси, эко ва гастрономик туризм йўналишлари бўйича имкониятлар кенг ёритилди. Ташриф буюрувчиларга мамлакатнинг қадимий шаҳарлари, миллий анъаналари ва замонавий сайёҳлик хизматлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Бу эса хорижий меҳмонлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Ярмарка доирасида элчихона томонидан Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган алоҳида тақдимот ҳам ташкил этилди. Унда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инфратузилмани ривожлантириш ва халқаро авиақатновларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистоннинг туризм бўйича элчиси Василина Мицкевич ўз чиқишида мамлакатнинг табиий бойликлари, миллий анъаналари, меҳмондўстлик анъаналари ҳамда асосий сайёҳлик йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, “Uzbekistan Airways” вакили авиакомпаниянинг халқаро рейслари, янги йўналишлари ва йўловчилар учун яратилган қулайликлар хусусида тўхталиб ўтди.

Тадбир доирасида ўзбек миллий маданиятини тарғиб қилиш мақсадида концерт дастури ҳам ташкил этилди. Унда миллий мусиқалар янграб, анъанавий рақслар ижро этилди. Бу чиқишлар кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш