Logo

Ўзбекистон туризм имкониятлари Москванинг гавжум кўчаларида намойиш қилинмоқда

Апрель 14, 2026. 09:26 • 2 дақ

327
Ўзбекистон туризм имкониятлари Москванинг гавжум кўчаларида намойиш қилинмоқда

МОСКВА, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Россия пойтахтининг марказий ва гавжум кўчаларида жойлашган реклама экранларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятини тарғиб қилувчи ранг-баранг видеороликлар намойиш этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан йирик ташқи реклама оператори “Русс Оутдор” МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Маълум қилинишича, тарғибот акцияси жорий йилнинг 1–30 апрель кунлари давом этади. Москва шаҳридaги 10 та реклама LED экранларида “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” видеороликлари кеча-ю кундуз намойиш қилинади.

Мутахассислар фикрича, бундай мақсадли реклама кампанияси аудитория хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган бўлиб, у Москва аҳолиси ва меҳмонларини Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва ноёб меъморий ёдгорликлари билан таништиришга хизмат қилади. Бу мамлакатнинг халқаро сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини янада оширади.

Шунингдек ўқинг

Россия туроператорлари ассоциацияси маълумотларига кўра, Ўзбекистон россиялик сайёҳлар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Туроператорлар аллақачон ёзги мавсум учун дастурларни шакллантириб, авиақатновлар сонини кенгайтирмоқда.

Қайд этилишича, 2025 йилда Россиядан келган сайёҳлар сони 1 миллион кишига яқинлашган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 15–20 фоизга кўпдир. Жорий йилнинг январь–февраль ойларида эса қарийб 125 минг саёҳат амалга оширилган.

Россиялик сайёҳларнинг асосий қизиқиши Ўзбекистоннинг бой маданияти, қадимий меъморий ёдгорликлари ва миллий таомларига қаратилмоқда. Шунингдек, фаол ва соғломлаштириш туризми каби янги йўналишларга бўлган қизиқиш ҳам ортиб бормоқда.

Икки давлат ўртасидаги транспорт алоқаларининг яхшиланиши ҳам сайёҳлар оқимининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар сони ҳафтасига қарийб 500 тага етган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Барчаси